Тошкентда 6,5 ва ундан юқори балли зилзилалар бўлиш хавфи бор
Жамият
−
21 Май
19162Тошкент шаҳри ҳудудида 6,5 ва ундан юқори балли зилзилалар содир бўлиш хавфи бор. Бу ҳақда бугун, 21 май куни ўтказилган брифингда Фанлар академияси ахборот хизмати раҳбари Гулноза Шарафова маълум қилди.
Тошкент шаҳри ҳудуди сейсмик потенциали юқори бўлган зонада жойлашган бўлиб, тарихий ва инструментал маълумотлар базасига кўра, шаҳар ҳудудида 1868, 1886, 1924 ва 1966 йилларда магнитудаси 6,5, 6 ва 5,3, сейсмик жадаллиги бўйича 7,8-9 баллик зилзилалар қайд қилинган. Шунингдек, 1980 йилда магнитудаси 5,5 балл бўлган, сейсмик жадаллиги 8 баллга тенг Назарбек зилзиласи содир бўлган.
Шарафованинг билдиришича, Фанлар академияси Сейсмология институти олимлари томонидан кучли зилзилалар таъсирида Тошкент шаҳрининг талафотланиш даражасини иқтисодий баҳолаш имконини берувчи рақамли симуляцион модели ишлаб чиқилган.
"Лойиҳани амалиётга татбиқ этиш орқали замонавий IT-технологиялари асосида Тошкент шаҳрининг муҳандис-геологик шароитини ва бино-иншоотларнинг конструктив турларини ҳамда уларнинг сейсмик заифликларини аниқлаб ҳисобга олган ҳолда, ҳудудда содир бўлиш эҳтимоли юқори бўлган 7, 8 ва 9 баллик зилзилалардаги иқтисодий талафотларини баҳолашнинг илмий асосланган симуляцион модели ишлаб чиқилади", дейди у.
Қайд этилишича, тадқиқот натижасида грунт ва биноларнинг тизимли тебраниш хусусиятлари аниқланади ва эпицентрал зоналардаги ва ундан ташқарисидаги сейсмик тебранишларнинг тарқалиши ва сўниш кўрсаткичлари математик моделлаштириш асосида баҳоланади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида қурилган бино ва иншоотларнинг ҳар бир конструктив тури учун сейсмобардошлик бўйича маълумотлар базаси яратилади ва улар ГИС платформасига жойлаштирилади.
Тошкент шаҳри ҳудудида содир бўлиш эҳтимоли юқори бўлган зилзила ўчоқларининг сейсмик хавфи баҳоланади.
Ишлаб чиқиладиган кучли зилзилаларни симуляцион моделлаштириш технологияси дастлаб Тошкент шаҳри ҳудуди мисолида, кейин “Рақамли геопортал” ахборот тизими мавжуд шаҳарлар ҳудудлари босқичма-босқич барча вилоят марказлари ва йирик аҳоли пунктлари ҳудудларига жорий этилади.
"Натижада, қурилиш объектлари учун жой ажратиш ва лойиҳалаш масалаларини ҳал қилишда бўлиши мумкин бўлган кучли зилзилаларда ҳудудларда келтириб чиқарадиган сейсмик талафотлар юқори бўлган ҳудудларда зилзилабардош бино-иншоотларни қуриш ва лойиҳалашда, кучли зилзилаларда етказиладиган зарарларни камайтириш чора-тадбирларини ўз вақтида ишлаб чиқиш, аҳоли ва ҳудуднинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш учун асос бўлиб хизмат қилади", дейди Гулноза Шарафова.
Статистика агентлигининг дастлабки маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига Тошкент шаҳрида 981 331 та оила (уч миллионга яқин киши) 11 258 та кўп қаватли уйларда ва 204,1 мингта якка тартибдаги уйларда истиқомат қилади. Бу кўрсаткич йилдан йилга ортиб бормоқда.
LiveБарчаси