Тошкентда 31 киши СССР паспорти билан яшаб юрган
Жамият
−
20 Февраль 2019
10257Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Рустам Жўраев жорий йилнинг 18 февраль куни Миробод туманида сайёр қабул ташкил этди.
Сайёр қабул вақтида юз берган қизиқ бир жиҳат эътиборни тортди. Маълум бўлишича, 54 яшар эр-хотин Собиқ Иттифоқ давридаги паспортларини алмаштирмагани ва уларнинг 31, 32 яшар фарзандлари умуман паспорт олмаган.
Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси раҳбарига мана шу фуқароларни тезроқ биометрик паспортлар билан таъминлаш вазифаси топширилган.
Ички ишлар бош бошқармаси маълумотларига кўра, ўтган йилнинг ноябрь ойидан шу кунга қадар уйма-уй юриб, 2036 кишининг умуман биометрик паспорти йўқлиги аниқланган, улардан 31 нафари эса СССР паспорти билан юрган. Шаҳар ИИББ маълум қилишича, 1760 фуқарога, шу жумладан, 14 нафар СССР паспорти билан юрган шахсларга янги паспорт қилиб берилган.
Шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бирор бир сабаб билан паспорт олмаган шахсларни туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат қилишга чақирган.