“ГАИ”га бўйсунмаган Gentra ҳайдовчиси ЙТҲ содир этди
3-саҳифа
−
23 Апрель 2023
11251Тошкентда Gentra ҳайдовчиси 2 та машинага бориб урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этди. Оқибатда 2 киши шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Кеча, 22 апрель куни соат 23:00 ларда Яккасарой тумани Шота Руставели-Муқумий чорраҳасида 2001 йилда туғилган фуқаро С.Х. (ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган) Gentra машинасини бошқариб кетаётганда ЙПХ ходими жезл ва ҳуштак ёрдамида тўхташ ишорасини берган. Ҳайдовчи инспекторнинг қонуний ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган.
Ҳайдовчининг хатти-ҳаракати ходимларда шубҳа уйғотган. Шундан сўнг, Cobalt автомобилида Gentra машинасининг орқасидан кузатув олиб борилган ва махсус автомашинадаги овоз кучайтиргич орқали бир неча маротаба ҳайдовчига тўхташ ишораси берилган.
Ҳайдовчи С.Х. эса ЙПХ инспекторларининг қонуний талабини бажармасдан Шота Руставели-Комил Яшин ҳамда Боғи Бўстон-К.Яшин чорраҳаларида светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига бўйсунмасдан белгиланган меъёрий тезликни ошириб ҳаракатланган.
Ҳайдовчи Комил Яшин-С.Сирожиддинов чорраҳасида иккинчи даражали йўлдан чиқиб, асосий йўлдан келаётган скутерга йўл бермасдан тўқнашув содир этган. Шунингдек, Комил Яшин 1-тор кўчасидаги уй қаршисида тўхтаб турган Cobalt русумли автомашинага бориб урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Кузатув ишларини олиб бораётган ЙПХ инспекторлари скутер ҳайдовчиси 2004 йилда туғилган Ю.А. ҳамда Gentra'даги йўловчи 2002 йилда туғилган И.С.ларга биринчи ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг улар тез тиббий ёрдам ходимлари орқали яқин атрофдаги шифохонага олиб борилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирги вақтда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
LiveБарчаси