Тошкентда 170 та “мини-поликлиника” иш бошлайди
Жамият
−
29 Ноябрь 2022
5760Тошкентнинг аҳоли гавжум ҳудудларида 170 та “мини-поликлиника” иш бошлайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳа Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
“Тошкент тажрибаси” лойиҳаси доирасида шаҳарнинг 12 та туманида 10 800 та кўп қаватли уй жойлашган маҳаллалар ҳудудида 170 та тиббиёт пунктини барпо этиш кўзланган. Шунингдек, 540 минг нафар аҳолига тиббий хизматни яқинлаштириш мақсад қилинган.
Мазкур лойиҳага Юнусобод тумани тажрибаси асос қилиб олинган. Туманнинг “Собиробод” маҳалласига тиббий контейнер ўрнатилган.
Тиббиёт пункти барча зарур дори-дармонлар, тиббий буюмлар, жумладан, ЭКГ ва кислород баллони каби ускуналар билан жиҳозланган. Соат 8:00 дан 20:00 гача ишловчи “кичик шифохона”да умумий амалиёт шифокори ва 2 нафар ҳамшира аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Маълумотларга кўра, лойиҳа доирасида йил охирига қадар 40 та контейнер жиҳозланиб, пойтахтдаги 12 та кўп тармоқли поликлиника ва 70 та оилавий поликлиника ихтиёрига топширилади. Улар пойтахтнинг аҳоли гавжум бўлган кўп қаватли уйлари ёнига ўрнатилади. Келгуси олти ойда эса 170 та ана шундай маҳалла тиббиёт пункти шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатади.
Шунингдек, “Тошкент тажрибаси” лойиҳаси бу билан чекланмаган. Унинг доирасида:
• пойтахтдаги 579 та маҳалла фуқаролар йиғини идораларида “Саломатлик мактаблари” ташкил этиш;
• соғлом турмуш тарзига риоя қилган ва бу борада юқори натижаларга эришган фуқароларни рағбатлантириш;
• телемедицина ёрдамида ҳамширалар орқали беморларни мутахассислар билан боғлаш мақсадида “онлайн патронаж” хизматини жорий этиш ҳам кўзда тутилмоқда.
Маълум қилинишича, пойтахтда пилот тарзида амалга ошириладиган лойиҳа олти ойдан сўнг натижалари таҳлил қилинган ҳолда, мамлакатнинг бошқа ҳудудларига татбиқ этилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь