Тошкентда 17 ёшли қиз ички ишлар ходими кийимида ахлоқсиз ҳаракат содир этди
3-саҳифа
−
10 Июнь 2023
22156Ижтимоий тармоқларда автомобиль ичида ички ишлар ходими кийимида тамаки чекиб, беҳаё сўзларни ишлатаётган қизнинг видеоси тарқалди. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, мазкур ҳуқуқбузарлик 2006 йилда туғилган мактаб ўқувчиси томонидан содир этилган. Қизнинг ота-онаси билан биргаликда профилактик суҳбат ўтказилган. Суҳбат натижасида у ўзи кийган ички ишлар органи ходимларининг формасини 20 ёшли таниши Ш.М.дан олгани ва тармоқда тарқалган видео ўзига тегишли бўлган Cobalt автомобилида суратга олингани маълум бўлган. Текширув жараёнида қизнинг таниши Ш.М. ички ишлар ходимининг махсус либосини қонунга хилоф равишда сақлаб келгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан қизнинг онаси В.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Фарзандларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мажбуриятларни бажармаслик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Шунингдек, Ш.М.даги форма ўрнатилган тартибда олиб қўйилиб, у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 209 -1-моддаси (Вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимларининг кийим-кечакларини қонунга хилоф равишда кийиш) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жаримага тортилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ички ишлар ходими кийимида макулатура териб юрган эркак ва аёл ушланганди.