Фоторепортаж: Тошкентда 166 та муҳтож оилага янги уйлар калитлари топширилди
Жамият
−
06 Апрель 2019
13686Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бугун, 6 апрель куни Сергели туманига ташриф буюриб, аҳолининг ногирон, боқувчисини йўқотган ва уй-жойга муҳтож қатлами вакилларининг 166 нафарига янги уйларнинг калитларини топширдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига йўлланаётган мурожаатлар таҳлил қилиб кўрилганда, уларнинг аксарияти уй-жой муаммоларига тўғри келаётгани аниқланган.
Аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусан, эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жой билан боғлиқ шароитларини яхшилаш мақсадида, 2018 йилнинг июль ойидан Сергели тумани “Чоштепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 30 га ер майдони ажратилиб, замонавий типдаги 66 та 7 қаватли уй-жойлар, ҳар бирида 56 тадан хонадонга эга бўлган жами 3696 та хонадон қурилиши бошланган эди.
Шундан ўтган 8 ой мабойнида 35 та уй-жойдаги 1960 та хонадон фойдаланишга топширишга тайёр ҳолга келтирилди. Бугун улардан 166 таси ўз эгаларини топди.
“Мазкур уй-жойларни авзаллиги шундан иборатки, энг аввало уйларни қуришда ҳалқаро нормаларга жавоб берадиган қурилиш ашёлари ва мухандислик техникалардан фойдаланилганлиги, хоналар кенглиги, ёруқликни хона ҳудудида бир ҳил тарқалиши, иссиқлик ва намликни меъёрда сақланиши, ҳар бир хонадон алоҳида иситиш тизимига эглиги, бу эса ўз навбатида ушбу хонадонда яшовчи аҳолига бир қанча қулайликлар яратади.
Уйлар билан бир вақтда ташқи муҳандислик тизимлари – алоқа, газ, электр, канализация ва ичимлик суви тармоқлари тўлиқ битказилди.Уйлар олдида болалар майдончалари ташкил этилиб, худудда ободонлаштириш ва замонавий йўлакчаларни барпо этиш ишлари олиб борилди”, дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборотида.
Ушбу уйлар биринчи навбатда ногиронларга, шунингдек, уй-жойга муҳтож бўлган фуқароларга вақтинча яшаб туриш шарти билан берилган. Кейинчалик ипотека кредити расмийлаштирган ҳолда хусусий мулк сифатида эгалик ҳуқуқи берилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, қурилаётган уйлар ҳудудида мактаб, мактабгача таълим муассасаси, оилавий поликлиника, дам олиш жойлари, автомобиль тураргоҳлари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиши кўзда тутилган.