Тошкентда ҳайдовчилар йўл талашиб, жанжаллашди (видео)
Жамият
−
07 Январь 8555 1 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида икки нафар фуқаролар йўлнинг қатнов қисмида ўзаро жанжаллашаётгани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, кеча, 6 январь куни тахминан соат 19:00 да 1986 йилда туғилган А.А. ўзининг бошқарувчидаги Nexia-3 русумли автомашинада Шайхонтоҳур тумани Ислом Каримов кўчасида ҳаракатланаётган вақтида BYD русумли автомашина ҳайдовчиси билан ўзаро йўл талашган. Оқибатда BYD русумли автомашина ҳайдовчиси 1982 йилда туғилган С.А. йўлнинг қатнов қисмида тўхтаб, А.А. билан жамоат жойида – йўлнинг қатнов қисмида ўзаро урушиб, жамоат тартибини бузган. Жанжал ортидан тан жароҳати олганлар йўқ.
Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-модда (майда безорилик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ҳудудида Toyota ва Damas ҳайдовчилари йўл талашиб жанжаллашган эди.