Тошкентда ҳаво ифлосланиши кескин ортди

Жамият

−

image

Бугун, 19 октябрь куни соат 09:00 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида ҳаво сифати индекси 154 AQI кўрсаткичини ташкил этиб, “носоғлом” (қизил) даражада қайд этилди. Бу ҳақда IQAir халқаро ҳаво сифати мониторинги платформаси маълумотларида келтирилган.

Маълумотларга кўра, пойтахт ҳавосида асосий ифлослантирувчи модда PM2.5 майда заррачалари бўлиб, унинг концентрацияси бир куб метр ҳавода 60 микрограммни ташкил этган. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг PM2.5 бўйича йиллик тавсия этилган меъёридан 12 баробар юқори.

IQAir тавсияларига кўра, ҳаво ифлосланган пайтда очиқ ҳавода жисмоний машқлар қилишдан сақланиш, хонага ифлос ҳаво киришининг олдини олиш учун деразаларни ёпиб туриш лозим. Ташқарига чиқишга тўғри келса, ҳимоя ниқобидан фойдаланиш, уй ичидаги ҳавони тозалаш учун эса ҳаво тозалагични ишга тушириш тавсия этилади.

Платформанинг соатлик прогнозига кўра, бугун кун давомида Тошкентда ҳаво сифати аста-секин яхшиланиши кутилмоқда. Хусусан, соат 10:00 да ҳаво сифати индекси 146, 12:00 да 129, 15:00 да 103, 18:00 да эса 76 бўлиши прогноз қилинган. Кечки соатларда кўрсаткич янада пасайиб, 21:00 га келиб 42 га тушиши кутилмоқда.

Маълумот учун, AQI – ҳаво сифати индекси бўлиб, ҳавонинг ифлосланиш даражасини кўрсатади. IQAir қўллайдиган АҚШ индексида 0–50 оралиғи яхши, 51–100 ўртача, 101–150 сезгир гуруҳлар учун носоғлом, 151–200 эса носоғлом деб баҳоланади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг