Тошкент вилоятида яна бир карантин қоидаси юмшатилди
Жамият
−
15 Сентябрь 2020
10260Бугун, 15 сентябрдан эътиборан Тошкент вилояти ҳудудида Damas русумли енгил автомобилларнинг йўловчиларга хизмат кўрсатишига рухсат берилди. Бу ҳақда Тошкент вилоят ҳокимлиги маълум қилди.
Таъкидланишча, Damas’ларнинг ҳаракатида ҳар қатновга чиқишдан олдин ҳайдовчи ва чиптачиларнинг тана ҳарорати пирометрларда ўлчаниб, 37 C ва ундан юқори бўлган ҳолатда уларнинг транспорт воситасини бошқаришига йўл қўйилмайди.
Ҳайдовчиларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиши ҳамда транспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган ҳолда бўлиши таъминланади. Йўловчиларнинг тиббий ниқобда бўлишини назорат қилиш, тиббий ниқоби бўлмаган ҳолатда уларнинг транспортга чиқишига йўл қўймаслик қатъий назоратга олинади.
Aйтилишича, транспорт воситаси доимий равишда ҳар қатновга чиқишдан олдин тўлиқ дезинфекциядан ўтказилади. Санитар ишлов берилмаган, техник кўрикдан ўтмаган, техник носоз транспорт воситаси ишга чиқарилиши қатъиян тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори асосида жорий йилнинг 5 сентябрь санасидан бошлаб ошхона, кинотеатрлар фаолиятига рухсат берилди.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси