Тошкент вилоятида сохта Президент Администрацияси ходими ушланди

3-саҳифа

image

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ўзини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакили деб таништирган, 1984 йилда Андижон вилоятида туғилган Э.К. исмли фуқаро қўлга олинди.

Аниқланишича, мазкур шахс ўзини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан эканлигини, Янгийўл туман ҳокимлиги масъул ходимининг уйи кузатувда экани, махфий тадбир ўтказиш учун келганини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакилларига айтиб, қора рангли Lacetti автомашинасини тўхтатиб, ҳамкорликда тинтув ўтказишга ҳаракат қилган.

Текширув давомида ушбу шахснинг ёнидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги” деган сохта ёзув киритилган, давлат герби ва байроғи туширилган RB №25 тартиб рақамли хизмат гувоҳномаси ва RB №20 тартиб рақамли “Замондош” журнали мухбири гувоҳномаси, икки дона, “Redmi 4х” ва “Inoi” телефон аппарати ва бир дона ўткир тиғли пичоқ расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, Э.К. жорий йилнинг 15 июль куни ҳам фирибгарлик аломатлари билан Бухоро вилояти Олот тумани ИИБ томонидан ушланган бўлиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддаси билан иш қўзғатилган ва судга оширилган. Лекин ушбу шахс суд жараёни якунига етмасдан, ўзига тегишли хулоса чиқармаган ҳолда такрорий қинғир ишга қўл урган.

Мазкур ҳолат юзасидан Э.К. Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда. Ҳозирда Янгийўл туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

фирибгарлик

Баҳолаганлар

541

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг