Тошкент вилоятида нарколаборатория ташкил этганлар ушланди

3-саҳифа

image

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган 2 нафар фуқаро мазкур тумандаги дала ҳовлилардан бирида яширин нарколаборатория ташкил этган. Улар мефедрон синтетик наркотик моддасини тайёрлаб, сотиш билан шуғулланган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ушбу ноқунуний ҳаракат Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фош этилган.

Қайд этилишча, хонадон кўздан кечирилганда жами 1 килограмм 12 грамм мефедрон синтетик гиёҳвандлик воситаси, уни тайёрлашда фойдаланиладиган кимёвий суюқликлар ва бошқа зарур ускуналар борлиги аниқланган.  

Шунингдек, улардан бирига тегишли кафенинг алоҳида хонасида 18 грамм опий, 33 грамм гашиш, 2 грамм мефедрон наркотик моддалари борлиги ҳам маълум бўлди.  

Улар Телеграм мессенжери орқали мижоз топиб, наркотик моддаларни хуфия жойларга яшириб кетиш орқали сотган.  

Тезкор тадбирлар натижасида мазкур шахслар томонидан Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудидаги 15 та хуфия жойга сотиш мақсадида 7 грамм мефедрон ва 8 грамм гашиш наркотик моддалари яшириб кетилгани ҳам ошкор бўлган.  

Шунингдек, қонунбузарлар ўзларининг жиноий ҳаракатларига 1993 йилда Фарғона вилоятида туғилган, кимё соҳасида билим ва кўникмага эга бўлган фуқарони жалб этган. Ўз навбатида, у зарур кимёвий элементлардан фойдаланган ҳолда мефедрон синтетик гиёҳвандлик воситасини тайёрлаган.  

Наркотикларни хуфия жойларга жойлаштириш билан эса Юқори Чирчиқ туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган шахс шуғулланган.  

Ҳозирда ушбу қонунбузарлик юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани

Баҳолаганлар

175

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг