Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” дастури жорий қилинади
Жамият
−
05 Апрель 2023
6386Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” дастури бошланади. Бу ҳақда бугун, 5 апрель куни Президент раислигида 2023 йилги ипотека дастури муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Шу мақсадда Қурилиш вазирлиги ҳузурида махсус уй-жой компанияси ташкил этилади. Унга Зангиота туманидан 36 гектар ер майдони ажратилиб, ушбу ҳудудни комплекс ривожлантириш лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Ушбу ҳудудда 2,5 минг оилага мўлжалланган, барча стандартларга жавоб берувчи қулай ва энергия тежамкор 58 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади. Ушбу уйлардаги 2 ва 3 хонали хонадонлар учун ойлик тўлов миқдори амалдаги субсидияли ипотека тўловларидан арзон бўлади.
Йиғилишда Қурилиш вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлигига бир ҳафта муддатда “Менинг биринчи уйим” шаҳарчасининг мастер режасини якунлаш, лойиҳани экспертлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш топширилди.