Тошкент вилоятида Х-XI асрларга оид деворий суратлар топилди
Бу қизиқ
−
11 Ноябрь 2883 2 дақиқа
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти археологлари томонидан Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳомийлигида амалга оширилаётган археологик қазишмаларнинг навбатдаги кунида ноёб топилма – милодий 10-11-юзйилликларга оид деворий суратлар аниқланди. Бу ҳақда Фанлар академиясининг Тарих институти хабар берди.
Қайд этилишича, топилмалар қадимги Қанқа шаҳри шаҳристонида жойлашган катта карвонсарой ҳудудида очилган. Қадимги шаҳарнинг жанубий дарвозасидан тахминан 60 метр масофада жойлашган бу карвонсаройнинг умумий ўлчами тахминан 100×70 метрни ташкил этади. Бино ўзининг меъморий маҳобати билан ажралиб туради.
“Карвонсарой хоналаридан бирида олиб борилаётган қазув жараёнида хоналар деворларидан қулаб тушган деворий сурат бўлаклари аниқланган. Улар 25×30, 15×20 ва 30×35 сантиметр ўлчамда бўлиб, бу карвонсарой хоналари деворий суратлар билан безатилганини тасдиқлайди. Топилмалар араблар босқинидан кейин маълум вақт йўқолиб кетган деворий безак санъати Тошкент ҳудудида ҳам 10 -11-юзйилликларда қайта тикланганини кўрсатади”, дейилади хабарда.
Археологик маълумотларга кўра, шунга ўхшаш деворий расмлар Самарқанд ва Ахсикент ёдгорликларида ҳам аниқланган. Маданий мерос агентлиги Самарқанд археология институти реставраторлари иштирокида ўрганилаётган ушбу суратлар Тошкентда ҳам деворий суратчилик мактаби мавжуд бўлганини кўрсатади. Ёдгорликда 2023 йили олиб борилган археологик изланишлар давомида 5-7-юзйилликларга оид деворий суратлари қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Тошкент вилоятидаги Қанқа ёдгорлигида V-VIII асрларга оид ибодатхона ва ҳарбий анжомлар топилганди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь