Тошкент вилоятида қадимий ибодатхона топилди

Жамият

image

Тошкент вилоятидаги Қанқа ёдгорлигида V-VIII асрларга оид ибодатхона ва ҳарбий анжомлар топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси хабар берди. 

Қайд этилишича, Қанқа ёдгорлигида олиб борилаётган экспедиция давомида 5-8 юз йилликларга оид ибодатхона ва ҳарбий анжомлар топилган. Фанлар академияси Тарих институти Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Қанқа ёдгорлигини “Очиқ осмон остидаги музей”га тайёрлаш бўйича изланишларни олиб бормоқда. Археологик ёдгорлик Турон тарихида муҳим ўрин тутувчи йирик шаҳар ёдгорлиги бўлиб, айрим изланувчилар томонидан “Авесто”да тилга олинган Қанғдеш, “Шоҳнома”да тилга олинган Турон шоҳи Алп Эр Тўнга шаҳри Қанғдез номлари билан ҳам тенглаштирилган. Шунингдек, институтнинг “Ҳарбий тарих маркази” ва “Қадимги дунё тарихи” бўлимлари ходимларидан иборат гуруҳ томонидан олиб борилаётган бу йилги изланишлар давомида ҳам ёдгорлик арки қуйи майдончасида жойлашган 5-8 юз йилликларга тегишли ибодатхонани ўрганиш жараёнида металлдан ишланган совут бўлаклари топилган.

“Қадимда жамият маданий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ибодатхонага ҳар бир кишининг ўзи тайёрлаган энг яхши маҳсулоти, буюмини совға қилиш анъанаси бўлган. Жангчи совути ҳам қуролчи уста томонидан худди шу мақсадда ибодатхонага топширилган бўлиши мумкин. Кекса Туронда бу каби анъаналар кўп учрайди. Мисол учун, Бойкенд ибодатхонаси қазув ишлари давомида топилган ҳарбий анжомларни кўрсатиб ўтишимиз мумкин”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, Қанқа ибодатхонасида бу каби ҳарбий анжомларнинг сақланиши айниқса муҳим ўрин тутади. Ибодатхона тарихи туркий халқларнинг ҳарбийликка йўғрилган турмуши билан чамбарчас боғланган. 2021 йили бошланган қазув ишлари давомида ибодатхонага кириш қисмида от анжомлари топилган бўлса, бу йил топилган совут туркий халқларнинг ҳарбий соҳага кучли эътибор берганларини яна бир бор тасдиқлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мисрда археологлар Клеопатра даврига оид чўккан портни топгани ҳақида хабар берилган эди. Бу топилма машҳур маликага оид қабртошни қидиришда ёрдам бериши мумкин. Доминикан археологик экспедицияси тош ва металл лангарлар, кўплаб қадимий амфоралар ҳамда ички порт қолдиқларини аниқлаган.  

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Тошкент ибодатхона ёдгорлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг