Тошкент вилоятида давлатга 16 млрд сўмлик зарар етказган майнерлар аниқланди
Жамият
−
30 Апрель
6275Тошкент вилоятида 17 та ноқонуний майнер давлатга 16 миллиард сўмдан кўпроқ зарар етказди. Бу ҳақда "Ўзэнергоинспекция" ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати, "Ўзэнергоинспекция" ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида Тошкент вилоятида жорий йилнинг биринчи чорагида ўтказилган назорат тадбирлари давомида ноқонуний крипто-актив ва майнинг фаолияти бўйича 17 та ҳолат фош этилган.
Майнинг-фермалар томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида давлат манфаатларига 16 млрд 553 млн сўм зарар етказилгани маълум бўлган.
Мисол учун, Паркент туманида истиқомат қилувчи фуқарога қарашли дала ҳовлида майнинг қурилмаларни ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиши оқибатида давлат манфаатларига 3 млрд 476 млн сўм миқдорида зарар етказилган.
Янгийўл шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро ҳам ҳеч қандай рухсатномасиз майнинг фаолияти билан шуғулланиб, 1 млрд 19 млн сўмлик электр энергиясини талон-торож қилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан тергов ҳаракатларига ўтказилаётгани айтилмоқда.