Тошкент вилоятида бор-йўғи 13 та онлайн-фоторадар бор – Бурхонов

Жамият

image

2019 йилда Ўзбекистонда жами 6 млндан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги,  жумладан 3 млнга яқин қўпол қоидабузарлик, 35 мингга яқин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 350 мингдан ортиқ пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган. Оқибатда 8558 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 7943 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2096 киши ҳалок бўлган. 2020 йилнинг январь – март ойларида эса 2019 йилнинг мос даврига нисбатан бу кўрсаткич 4,7 фоизга ортган. Ана шундай шароитда 2019 йилдаги қоидабузарликларнинг бор-йўғи 1,2 миллиони копмьютерлаштирилган бошқарув тизими орқали аниқланган. Қоидабузарликларни автоматик аниқлайдиган фото ва видеомосламалар, шунингдек онлайн режимида ишловчи фоторадарлар ўрнатиш билан боғлиқ ишлар суст олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов маълум қилди. 

Сенаторнинг қайд этишича, биргина 2019 йилнинг ўзида Тошкент вилоятида республика миқёсидаги энг кўп – 1147 ЙТҲ содир этилган. Уларда 301 киши ҳалок бўлган. Ваҳоланки, вилоятда бор-йўғи 13 та онлайн режимда ишловчи фоторадар мавжуд. Қоидабузарликларни автоматик аниқловчи фото ва видео мосламалар эса бирорта ҳам ўрнатилмаган. 

ИИВнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги устидан назорат қилувчи тузилмаларининг ЙТҲларига  шароит яратадиган сабабларни бартараф этишига қаратилган муҳим тавсия ва кўргазмалари тегишли идора ва ташкилотлар томонидан тўлиқ инобатга олинмаган. 

2020 йилнинг биринчи чорагида эса 1229 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 376 нафар фуқаро вафот этган.

“Таҳлилларга кўра, қоидабузарликларни автоматик аниқлайдиган фото ва видео мосламалар, шунингдек онлайн режимида ишловчи фото радарлар ўрнатиш билан боғлиқ ишлар суст олиб борилмоқда.  Бундан ташқари, автомобиль йўлларида йўл ҳаракатини ахборотлар билан таъминлаш, йўл бўйидаги инфратузилмани халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ривожлантириш билан боғлиқ кўплаб масалаларга лозим даражада эътибор қаратилмаган”, дейди Бурхонов.

Умумтаълим мактабларида ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш  ишлари ҳам талаб даражасида эмаслиги оқибатида 2019 йилда болалар билан боғлиқ 1309 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Уларда 1147 нафар бола жароҳатланган ва 193 нафар бола ҳалок бўлган.

Мажлисда сенаторлар томонидан шу каби камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларини ҳам такомиллаштириш кераклиги, мамлакатда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва улардан имтиҳон олиш тартиби билан боғлиқ муаммолар кўплаб фуқаролар томонидан ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётганлиги ҳам таъкидланди.

Сенат аъзолари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ялпи мажлис фоторадар Сенат

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг