Тошкент вилоятида боғча болалари овқатдан оммавий заҳарланди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига 8-сонли мактабгача таълим ташкилотининг тарбияланувчилари орасида ўткир диарея ҳолати қайд этилгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати расмий маълумот берди.

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига 8-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 23 нафар тарбияланувчиси кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, тана ҳароратининг (37-39 даража) кўтарилиши ва томоғида оғриқ шикоятлари билан мурожаат қилишган. Шифокорлар кўригидан сўнг улардан 15 нафарига “Ўткир респиратор инфекция. ЎРИ. Функционал диарея” бирламчи ташҳиси қўйилиб, шифохонага ётқизилган. 8 нафарига эса кўрсатилган биринчи тиббий ёрдамдан кейин қониқарли аҳволда (ота-оналари шифохонага ётқизишдан бош тортишган) уйларига рухсат берилган.

Юзага келган вазиятни жойига чиқиб ўрганиш ва беморларни даволаш ҳамда эпидемияга қарши тадбирларни ўтказишда маҳаллий мутахассисларга амалий ёрдам кўрсатиш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманига юборилган.

Шифохонада бемор болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатилган, тегишли лаборатория таҳлиллари учун намуналар олинган. Ўтказилган муолажалардан кейин аҳволи яхшиланган барча беморларга 2 октябрга қадар уйларига рухсат берилган.

Беморлардан олинган намуналарнинг таҳлиллари натижаларига кўра, улардан 3 нафарида Shigella dysenteriae sonnei бактериялари аниқланган.

МТТда ичимлик ва оқова сув тизимлари, ошхона анжомлари, ҳаво сўрувчи вентиляция тизими, ҳожатхоналар санитария-гигиена талабларига тўлиқ амал қилинмаётгани аниқланган.

Бундан ташқари, МТТда фаолият юритаётган ходимлардан, 4 нафари тиббий кўрикдан ўтмаган.

МТТда таомлар (суткалик намуналар)  ва озиқ-овқат маҳсулотлари, ошхона анжомлари ва юзаларидан олинган намуналарда ичак таёқчалари гуруҳига мансуб бактериялар аниқланган.

Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ҳамда келгусида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари орасида овқатдан заҳарланиш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан Мактабгача таълим вазирлигига хат киритилган.

2022 йил 30 сентябрдан 8-МТТнинг иш фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатилган ҳамда МТТ директорига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

108

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг