Тошкент вилоятида 586 туп дарахт ноқонуний қўпориб ташланди
3-саҳифа
−
15:26 658 1 дақиқа
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 586 туп дарахт ноқонуний равишда илдизи билан қўпориб ташлангани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Бўстонлиқ тумани ҳудудида дарахтлар қўпориб ташлангани ҳақида хабар тарқалганидан сўнг ҳолат ўрганилган. Ўрганишлар давомида “Ғазалкент” МФЙ ҳудудида “Y.D.” МЧЖ томонидан 2 гектар ер майдонида жами 586 туп дарахт ноқонуний равишда илдизи билан қўпориб ташлангани аниқланган.
Уларнинг 9 тупи қимматбаҳо дўлана, 3 тупи арча, 3 тупи кам қимматли тоғ олчаси ва 571 тупи учқат дарахти бўлган. Маълум бўлишича, ҳолат юзасидан тадбиркорга бир неча бор мурожаат қилинган. Бироқ у қонуний талабларга бўйсунмай, қаршилик кўрсатишга уринган.

Ҳозирда Экология полицияси томонидан ҳуқуқбузарликка чек қўйилган. Махсус техникалар ёрдамида тупроқ остида қолган дарахтлар ҳам чиқариб олинган. Ҳисоб-китобларга кўра, қонунбузарлик оқибатида табиатга 1 миллиард 705 миллион 660 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида қарийб 100 йиллик 11 туп Зарафшон арчаси ноқонуний равишда қўпорилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь