Тошкент вилоятида 3 та курорт қуришга 514 млн доллар жалб қилинади
Жамият
−
04 Июнь 2019
5450Тошкент вилоятида учта курорт қуриш учун 514 миллион АҚШ доллари жалб қилиниши режалаштириляпти. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.
“Чорвоқ” эркин туристик зонасида “Чимён” ва “Белдирсой” халқаро тоғ-чанғи мажмуалари барпо этиш режалаштирилган. Мажмуаларнинг лойиҳалари француз компанияси томонидан ишлаб чиқилган.
Ушбу лойиҳаларга ажратиладиган инвестициялар миқдори 263, 7 миллион ва 178, 4 миллион долларга баҳоланмоқда.
Бундан ташқари, “Нанай” экотуристик мажмуасини қуриш учун 62, 4 миллион доллар ажратилади.
“Тошкент вилоятида учта – Чимён, Белдирсой ва Нанай халқаро даражадаги курортларни барпо этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Амирсой ва Юсуфхона бўйича лойиҳалар ҳам давом эттирилмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида 40 километрдан ортиқроқ туристик тоғ-чанғи трассалари, 100 турдаги янги туристик хизматлар, меҳмонхоналарда 25 мингтадан ортиқ ётоқлар, 3000 та янги иш ўрни яратилади”, деди Азиз Абдуҳакимов.