Тошкентда нафақат уйлар, балки қонунлар ҳам бузиляптими?
Жамият
−
24 Февраль 2019
10293Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши Ўзбекистон пойтахтида қатор биноларнинг бузилиши режалаштилигани сабабли юзага келган вазиятдан қайғуда эканини билдирди.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар, шаҳар маъмурияти вакилларининг баёнотлари, шунингдек, ўтган ҳафта давомида Тошкент аҳлининг фикрларини ўрганиб ва таҳлил қилиб, Жамоатчилик кенгаши Тошкентда эски турар-жойларни янгилаш, шаҳарсозлик лойиҳасини ривожлантириш тартибсиз олиб бориши оқибатида фуқаролар ўзини ҳимоясиз, шахсий мулкка нисбатан таҳдидларни ҳис қилиши – йўл қўйиб бўлмас ҳолат, деб ҳисоблайди.
Шу муносабат билан, Кенгаш Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи кишилар билан учрашувда “Ҳеч бир уй аҳоли розилигисиз бузилмайди” деган фикрини инобатга олиб, шаҳар маъмуриятининг амалдаги қонунлар асосида ҳаракат қилишга интилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Жамоатчилик кенгаши баёнотида айтилишича, ўзгариш, қурилиш лойиҳалари ва йирик дастурларни амалга оширишнинг бошқа жиҳатлари маҳаллий аҳоли билан келишилган ҳолда амалга ошириш масаласи амалдаги қонунларда назарда тутилмаган. Шунингдек, товон тўлаш тартиби ҳам аҳолининг норозилигига сабаб бўлади. Кенгаш қуйидаги 3 та ҳолатга эътиборни қаратишни таклиф қилмоқда:
Биринчидан, шаҳар бош лойиҳаси, ривожланиш стратегияси ва шаҳарсозликка оид бошқа ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги қурилиш бўйича қабул қилинаётган қарорларда шаффофликнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда.
Шу сабабдан аҳоли турмушини тўғри режалаштириши, сармоядорлар ўз лойиҳаларини самарали ва режали амалга ошириши учун Тошкент шаҳар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни оммага эълон қилиш зарур. Бунда, янги биноларнинг лойиҳалаштирилишида эскирган муҳандислик коммуникациялар ва инфратузилмага юкламанинг ўсиб бориши инобатга олиниши керак.
Шу билан бирга, аҳолини ўзгаришлардан хабардор қилишнинг интерактив харитасини ва қайта алоқа механизмини яратиш зарур.
Иккинчидан, Шаҳар кўриниши ўзгариб боряпти ва янги, замонавий технологияларни жорий қилишда Тошкентнинг имижини йўқ қилмаслик керак. Туризм соҳаси мамлакат ривожида муҳим йўналиш эканлиги билдирилган бир пайтда, шаҳарнинг ўзига хос кўриниши, меҳмонларни ўзига мафтун этувчи “юзи”га путур етмаслиги лозим.
Етакчи урбанистларнинг таъкидлашича, шаҳарнинг такрорланмас қиёфаси ишбилармонлик марказлари сони ва баландлиги билан эмас, балки ундаги тарихий, маданий, меъморий қийматга эга бинолар билан ўлчанади.
Шу туфайли Жамоатчилик кенгаши шаҳардаги маданий, тарихий ва меъморий қийматга эга бинолар рўйхатини зудлик билан шакллантиришга чақирмоқда. Шунинг билан, аниқ талабларга мос келадиган биноларнинг бузилишига тақиқ қўйилиши керак.
Учинчидан, хонадон эгасининг ҳақ-ҳуқуқи тўлиқ таъминланмаган.
Таъкидланишича, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ерни олиб қўйишнинг аниқ ифодаси ва мезонлари йўқ, шу сабабдан бу амалиёт ўта даражада қонундан четлашга олиб келяпти. Хусусий мулкка эгалик ҳуқуқини мустаҳкамлаш орқали бундай амалиётга барҳам бериш мумкин. Уй бузилишида шаффофликни таъминлашда эса бозор баҳосини инобатга олиш – асосий масалалардан бири. Шунингдек, ер ажратиб беришда ишларни ҳам аукцион орқали ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Кўп қаватли уйларни реновация дастурига киритиш ва чиқариш масаласини ўша уйда яшовчиларнинг овоз бериши мумкин бўлган механизмни яратиш ва мустақил экспертларнинг объект ҳақидаги холис фикрини билиш зарурлиги таъкидланган.