Тошкент саммитида кимлар қатнашиши маълум бўлди

Жамият

image

Жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди. 

Саммитда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе иштирок этади.

Тадбир кун тартибидан Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, устувор соҳаларда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш масалалари ўрин олган. Минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади.

Маслаҳат учрашуви якунларига кўра кўп томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилиниши кутилмоқда.

Минтақа давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон етакчиси томонидан 2017 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди.

Ўзбекистоннинг ушбу форматдаги раислиги даврида ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олувчи 20 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14-17 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бир қатор йирик халқаро тадбирлар ўтказилиши сабабли пойтахтнинг айрим кўчаларида вақти-вақти билан транспорт воситаларининг ҳаракати қисман чекланиб, улар учун айланма ҳаракат ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев Марказий Осиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг