Тошкент Марказий Осиё саммитига тайёр

Жамият

image

Бугун, 15 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу форматда илк бор Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов ҳам иштирок этди. 

Эртага, 16 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Ташқи ишлар вазирлари эртанги саммит олдидан кун тартибини келишиб олди. 

Бу форматдаги биринчи саммит 2018 йил 15 март куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтган бўлса, 2019 йил 29 ноябрь куни Тошкентда, 2021 йил 6 августда Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида, 2022 йил 21 июлда Қирғизистондаги Чўлпонотада,  2023 йил 14 сентябрда Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида ва 2024 йил 9 августда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Энди навбат яна Тошкентга келди.

Сўнгги саккиз йил давомида Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти қарийб икки ярим баробар ўсиб, 520 миллиард долларга, ташқи савдо ҳажми эса икки каррадан зиёд кўпайиб, 253 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2 марта ошиб, қарийб 11 миллиард долларга, ўзаро инвестициялар эса 5,6 баробарга етди. Биргина Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2024 йилда 7,2 миллиард долларга етди.

Марказий Осиё аҳолиси 80 миллионлик маррадан ўтди, БМТ прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб, бу кўрсаткич 100 миллиондан ошади. Шунингдек, Марказий Осиё дунёнинг энг ёш минтақаларидан бири бўлиб, аҳолисининг ўртача ёши атиги 29 ёшни ташкил этмоқда.

Вазирлар кун тартибидаги муҳим масалаларни келишиб бўлгач, уч давлат ўртасидаги муҳим ҳужжат имзоланди. Ёдингизда бўлса, 2025 йил 31 март куни Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Президентлари Шавкат Мирзиёев, Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров уч томонлама учрашув ўтказиб, давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартномани имзолаганди. Бу ҳужжатнинг имзоланиши халқаро ташкилотлар ва куч марказлари томонидан ҳам эътироф этилди. Орадан 7 ойдан вақт ўтди ва уч давлат ҳам ушбу шартномани ратификация қилиб бўлди.
2025 йил 15 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев ва Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сироджиддин Мухриддин мамлакатлар ўртасидаги давлат чегаралари туташган нуқтаси тўғрисидаги Шартноманинг ратификация ёрлиқлари билан алмашиш тўғрисидаги Баённомани имзолади.

Шундай қилиб, Тошкент саммитга тайёр. Қатнашувчи давлат етакчилари ҳам Ўзбекистонга етиб келди. Тадбир муносабати билан айриб кўчалар вақтинча автомобиллар учун ёпилиши маълум қилинган. 16 ноябрь куни соат 10:00 дан 15:00 гача Ислом Каримов-Ботир Зокиров кўчалари чорраҳасидан Ислом Каримов кўчаси бўйлаб, Ислом Каримов-Фурқат кўчалари чорраҳасигача вақти-вақти билан йўл қисман ёпилади. Шунингдек, соат 9:00 дан 15:00 гача Ислом Каримов-Фурқат чорраҳасидан Фурқат кўчаси иккинчи даражали йўл бўйлаб Хадра майдонигача ёпилиб, ҳайдовчилар Алишер Навоий ва Ислом Каримов кўчалари бўйлаб ҳаракатланишлари мумкин бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Шавкат Мирзиёев саммит БМТ Имомали Раҳмон Марказий Осиё Садир Жапаров Сироджиддин Мухриддин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг