Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашиш пуллик бўлади
Жамият
−
13 Июнь 1626 2 дақиқа
V Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашиш учун инвесторлар 500 доллар тўлаши керак бўлади. Бу ҳақда бугун, 13 июнь куни Инвестиция, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов маълум қилди.
Жорий йилнинг 16-18 июнь кунлари Ўзбекистонда бешинчи – юбилей Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади. Матбуот анжуманида берилган маълумотларга кўра, унда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтганлар сони 9 минг 101 нафардан ошди.
“Ўзбекистонга 100 та мамлакатдан 3 минг 423 нафар хорижий делегат келади. Рўйхатдан ўтиш жараёни ҳали ҳам давом этмоқда. Форумда иштирок этаётган компанияларнинг умумий активлари 42 триллион долларга тенг. Бу жуда катта рақам – дунё ялпи маҳсулотининг қарийб 38 фоизи дегани”, деди Лазиз Қудратов.
Форумда иштирок этишни хоҳлаган инвесторлар бир марталик тўловни амалга ошириши керак бўлади. Вазирнинг айтишича, бу бадал фақат тадбирни ташкил этиш учун жорий этилмаган.
“Бадал ҳар бир қатнашувчи учун 500 доллар. Бу рақам хорижий тажрибага асосланиб белгиланган. Биз бу бадални нафақат тадбирни ташкиллаштириш учун йиғяпмиз, балки, бу орқали ким аниқ Ўзбекистонга келишини ҳам олдиндан била оламиз. Тўлагандан кейин, албатта, келади. Яъни, бадалсиз бўлса, рўйхатдан шунчаки ўтадиганлар, лекин келмайдиганлар ҳам кўп бўлади. Шунинг учун бадал тизимини жорий қилдик ва бу орқали биз Ўзбекистонга реал қизиқиши бор инвесторларни жалб қилиш мақсадини қўйдик”, деди Инвестиция, саноат ва савдо вазири.
Лазиз Қудратов очиқлаган маълумотларга кўра, бу йил форумга келаётган расмий делегациялар сони ҳам ошган. Ўтган йили 26 та ҳукумат делегацияси иштирок этган бўлса, бу йил уларнинг сони 62 тага етди.
“Очилиш маросимида 8 та давлат ва ҳукумат раҳбари нутқ сўзлайди. Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, BRICS Янги тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Евроосиё тараққиёт банки ва ОПЕК жамғармаси раҳбарлари ҳам форумда иштирок этади. Умуман олганда, халқаро ташкилотлар ва банклардан 372 нафар вакил қатнашмоқда”, деди вазир Қудратов.
Қолаверса, форумни ёритиш учун 41 та мамлакатдан 123 та таҳририят вакиллари – жами 209 нафар хорижий журналист келади. Бу ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент халқаро инвестиция форуми ўтказилиши муносабати билан жорий йилнинг 16-18 июнь кунлари Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси