“Тошкент” халқаро аэропортида ёнғин чиқди. Ҳаво бандаргоҳи “свет”дан узилди

3-саҳифа

image

Бугун, 11 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида ёнғин чиқди. Оқибатда Олматага (KS-128), Нур-Султонга (HY-721) ва Москвага (SU-1975) учаётган рейслар кечиктирилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон аэропортлари” АЖ хабар берди. 

Маълум қилинишича, Тошкент халқаро аэропортидаги учиб кетиш терминалида тутун пайдо бўлган. Йўловчилар ва ходимлар зудлик билан эвакуация қилинган. Ҳодиса жойига “Тошкент” аэропортининг тегишли хизматлари – Аэропорт Ёнғин-қутқарув хизмати, Парвозларни электр-ёритиш билан таъминлаш хизмати ва Авиация хавфсизлиги хизмати навбатчилик бригадалари зудлик билан етиб борган. 

“Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга биринчи қават тагидаги трансформатор подстанциясида жойлашган узлуксиз электр таъминотининг қисқа туташуви сабаб бўлган. Қисқа туташув оқибатларини бартараф этиш ҳамда воқеа жойида ишлаётган хизматлар ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аэропорт терминалини маълум муддатга электр энергиясидан узиб қўйишга қарор қилинди”, дейилади хабарда.

“Uzbekistan Airports Handling” МЧЖ директори Умид Ҳамроевга кўра, ертўладан эрталаб соат 10:30 атрофида тутун чиқа бошлаган. Аэропорт ходимларининг тезкорлиги ва шаҳардан келган ўт ўчириш бригадалари кўмагида ёнғин тезда бартараф этилган. Соат 10:40да аэропортни вақтинча электр таъминотидан узишга тўғри келган.  

“Яхшиямки, ҳеч ким жабрланмади. Бир қатор рейслар кечиктирилди. Ҳозирда аэропортнинг тегишли хизматлари ҳодиса жойида ишламоқда ва қисқа туташув сабабларини бартараф этмоқда”,  дейди Ҳамроев. 

Маълумотларга кўра, аэропорт хизматлари ҳаво бандаргоҳини имкон қадар тезроқ очиш учун бор кучини сарфламоқда. Хозирги вақтга келиб, терминалнинг катта қисмида электр энергияси тикланган. 

Қайд этиш жоизки, “Тошкент” аэропортининг учиб келиш зали ва маҳаллий авиақатновлар терминали одатдаги режимда фаолият олиб бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент халқаро аэропорти

Баҳолаганлар

399

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг