Тошкент кенгаши собиқ ҳокимга мурожаатнома йўллаганини инкор этди
Жамият
−
18 Январь 2023
14772Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши жорий йилнинг 16 январь куни лавозимидан озод этилган собиқ шаҳар ҳокими ва Кенгаш раисига миннатдорлик билдирганди. Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг фаолияти давомида амалга оширган ишлари ҳақида илиқ фикрлар ёзилган мурожаат Кенгашнинг Telegram-каналида эълон қилиниб, кўп ўтмай ўчириб юборилганди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши ўзининг Telegram каналида пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга мурожаатнома эълон қилганини инкор этиб, баёнот берди.
“Хурматли Тошкент шаҳар фуқаролари Ижтимоий тармоқларда тарқалган халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг мурожаатномаси бўйича шуни маълум қиламизки, 16-17 январь кунлари халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ҳеч қандай йиғилиши бўлиб ўтмади ва Кенгаш депутатлари номидан Тошкент шаҳар собиқ хокими Ж. Ортиқхўжаев тўғрисида баёнот берилмаганини билдирамиз”, деб ёзади халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Тошпўлат Матибоев.
Қуйида халқ депутатлари Кенгаши мурожаатномасининг скриншотини ҳавола этамиз:
Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 январь куни Президент ҳузурида бўлиб ўтган энергия ресурслари таъминоти юзасидан йиғилишда Шавкат Мирзиёев собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ишдан олганини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Ортиқхўжаев огоҳлантиришларга қарамай қишга лозим даражада тайёргарлик кўрмаган.
Ортиқхўжаев ўрнига унинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди.
LiveБарчаси