Тошкент ИИББ ота-оналарни “Рёдан” ҳаракатидан огоҳлантирди

Олам

image
0:00
0:00
download

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ота-оналарга мурожаат билан чиқиб, уларни “Рёдан” ўсмирлар ҳаракатининг хавфли оқибатларидан огоҳлантирди. 

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда ҳам Япон комиксларидан бирининг қаҳрамонларидан илҳомланган “Рёдан” халқаро ёшлар ҳаракати мухлислари бор. 

Ҳаракат ҳақида нималарни билиш лозим ва у қандай хавф туғдириши мумкин?

Дастлаб “Рёдан” ҳаракати ташкил этилганда, интернетдаги бир нечта виртуал жамоалардан иборат бўлган: улар япон анимация санъати мухлислари бўлиб, ўсмирларни қизиқишлари бўйича бирлаштиришдан бошқа мақсадларни кўзламаган эди. Болалар ўзларининг севимли санъатларини муҳокама қилар ва шунга ўхшаш кийимларни (орқасида ўргимчак расми ҳамда 4 рақами бўлган катакли шим ва футболкалар) танлашар эди.

Бироқ, вақт ўтиши билан ҳаракатдан янги йўналиш ажралиб чиқиб, улар ичида бир қатор тажовузкор шахслар пайдо бўлди. Улар ҳудуддаги вазиятни беқарорлаштириш, ўсмирларнинг тўлиқ шаклланмаган дунёқарашига таъсир ўтказиш орқали уларни назорат қилишни мақсад қилиб олдилар. Бунинг оқибатида, тармоқдаги бегона шахсларнинг бузғунчи шиорлари таъсирига берилиб кетган болалар жамоат жойларида тўпланиб, оммавий тартиббузарликларни уюштира бошладилар.

Айни пайтда “Рёдан” ҳаракати томонидан уюштирилган бундай ҳолатлар Россия Федерацияси, Украина, Беларусь ва бир қатор бошқа давлатларда қайд этилган. Жанжаллар томонларнинг турли даражадаги тан жароҳатлари олишига, шахсларнинг мулкига зарар етказилишига, кўплаб маъмурий ва жиноий ишларнинг қўзғатилишига олиб келади. Биз юртимизда бундай оқибатларни олдини олишимиз керак.

“Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингизга эътиборли бўлинг, уларнинг қизиқишларини ўрганинг, айниқса субмаданий қизиқишларига бефарқ бўлманг”, дейилади пойтахти ИИББ мурожаатида.

Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идорасининг билдиришича, болаларнинг аниме ва мангага бўлган қизиқишини қоралаб бўлмайди. Лекин, болалар бу қизиқиши туфайли номаълум шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаётганига, виртуал дунёни ҳақиқатдан ажрата олиш қобилиятини йўқотмаганига ишонч ҳосил қилиш керак.  

“Фарзандларингизнинг ҳаётига, уларда кечаёган ўзгаришларга бефарқ бўлманг: улар билан дўстона муносабатда бўлиш орқали қизиқишларини, иштиёқини муҳокама қилинг, шу йўл билан уларнинг фикрини ўрганасиз ва уларда бўлаётган ўзгаришларни сезиш имконингиз ошади”, деб мурожаатида якун ясаган ИИББ.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИББ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг