Тошкент аномал совуққа тайёрми?
Бу қизиқ
−
07 Январь 2023
11755Қаттиқ келган бу йилги қиш айрим тизимдаги муаммоларни юзага чиқариб қўйди. Келгуси ҳафта кутилаётган аномал совуқ эса яна қанча камчиликларимизни ошкор этиши бизга қоронғу. Совуқ кучаяр экан, одамлар кўчадаги аёзли ҳаводан эмас, пиёда ёки машинада юрганда музлаган йўлларда сирпаниб кетишдан, уйларидаги газ ва электрда яна узилишлар бўлишидан кўпроқ хавотирда. Пойтахт кутилаётган аномал совуққа қанчалик тайёр? Мазкур саволга Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Рустам Юсупов жавоб берди.
“Қор ёғишидан олдин бошқарма тизимидаги корхоналар томонидан жами 183 та техника тайёрланган. Улардан 53 таси қум сепувчи, 50 дан ортиғи қор тозаловчи машина ҳамда самосвалдир”, дейди Юсупов.
Таъкидланишича, биринчи навбатда қум аралашмалари йўл ўтказгичлар ва кўприкларга сепилади, ана шундан сўнг магистраль йўлларга. Қор тозалаш мавсумида 6 мингдан ортиқ ишчи жалб қилинади.
“Қумсиз аралашма захирасига келадиган бўлсак, ҳозирги кунда 12,5 тонна қум-туз аралашма захираси мавжуд. Бу қиш мавсумини ўтказиб олишимизга етарли”, дейди Рустам Юсупов.
Бошқарма масъули Тошкент аҳолиси ва меҳмонларига ноқулайликлар туғдирмаслик учун жиддий таёргарлик кўрилаётгани ҳақида ҳам қўшимча қилди.
“Қор ёғганда йирик ҳажмдаги дарахтларнинг шохлари синиб тушиш эҳтимоли юқори. Бунга ҳам бошқарма ўз ҳозирлигини кўриб қўйган. Техникалар шай ҳолатда турибди”, дея урғулади масъул.
Айтилаётган тайёргарлик қай даражада кўрилганлиги, техникаларнинг қуввати қанчалик етарли эканлиги фақатгина аномал совуқ даврида аён бўлади.
Акобир Мисиралиев
LiveБарчаси