“Тошкент — Андижон” пуллик автомобиль йўлини қуриш режалаштирилмоқда
Жамият
−
27 Январь 2020
6694Ўзбекистон яна бир пуллик йўл қуриш лойиҳасини амалга ошириши мумкин. “Тошкент — Андижон” пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳасининг дастлабки техник иқтисодий ҳисоб-китоб ҳужжатлари айни кунда консультация хизматларини кўрсатувчи компаниялар (Pwc, Arup) томонидан тайёрланмоқда. Бу ҳақда "Халқ сўзи" хабар берди.
Ушбу компаниялар жорий йилнинг февраль ойи охирига қадар ҳужжатларни тақдим этади. Дастлабки маълумотларга кўра, лойиҳа узунлиги 350-360 километр атрофида бўлади. Асосан 4 йўлакдан иборат йўл қуриш лойиҳаси республика миқёсида юқори иқтисодий-ижтимоий таъсирга эга.
Ушбу лойиҳани 3 босқичда (1. Қамчиқ автомобиль тоннели, 2. Тошкент–Ангрен йўли, 3. Қўқон–Андижон йўли) амалга ошириш режалаштирилмоқда. Дастлабки молиявий ва техник ҳисоб–китоблари тақдим этилгандан сўнг, Жаҳон банки билан лойиҳани амалга ошириш бўйича битим имзоланиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 2020 йил октябрь ойига қадар халқаро стандартлардан келиб чиқиб, йўл қопламаси цемент ёки бетон бўлиши, транспорт оқими ва йўл атрофида жойлашган объектларга таъсири ва бошқа муҳим техник-иқтисодий ва тижорий масалалар аниқланиши лозим. Лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб топилганда, тендер ҳужжатлари тайёрланиб (2021 апрель ойига қадар), тендер босқичлари амалга оширилиши (2022 йил апрель ойига қадар) ҳамда тендер ғолиби билан 2022 йил апрель ойида давлат-хусусий шериклик асосида битим имзоланиши кутилмоқда.
Қурилиш ишлари 2025-2026 йилгача давом этади.
“Қамчиқ” довонида янги пуллик тоннел қуриш лойиҳаси “Тошкент — Андижон” пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳасининг бир қисми деб ҳисобланади. Иқтисодий–ижтимоий томондан, шу жумладан йилнинг қор ва кучли сел ёғган вақтлари Қамчиқ довонида автомобиль-транспорт ҳаракатланиши вақтинча тўхташи ушбу лойиҳани амалга ошириш устувор эканлигини кўрсатиб турибди. Қамчиқ довонида янги пуллик тоннел қуриш лойиҳаси Жаҳон банки томонидан ёлланган консультацион компанияларга қўйилган вазифа доирасига кириб, дастлабки молиявий ва техник ҳисоб–китоблар жорий йилнинг февраль ойи охирига қадар тақдим этилади. Консультант компаниялар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, тоннелнинг узунлиги мавжуд йўлдан қанчалик баландликда қурилишидан келиб чиқиб 19 дан 30 километргача этиши мумкин.
LiveБарчаси