“Тонировка” бўйича янги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди
Жамият
−
28 Март
13723Эндиликда рухсатномада кўрсатилган талабларни бузган ҳолда ойналарни қорайтирган ҳайдовчиларга 375 минг сўм миқдорида жарима белгиланиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан муҳокамага қўйилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
Ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб ва талабларга мувофиқлаштириш, шунингдек, фойдаланишга яроқсиз автомототранспорт воситасини белгиланган тартибда ҳисобдан чиқармасдан туриб, утилизацияга ёки реализация қилиш мақсадида қисмларга бўлаклаш учун жавобгарликни белгилаш ва йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган давлат органларининг доирасини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 28-моддасига 2-қисм сифатида ҳайдовчининг соғлиғи транспорт воситасини хавфсиз бошқаришга монелик қиладиган тарзда ёмонлашгани тиббий хулоса билан тасдиқланганда, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш суд томонидан амалга оширилиши қўшилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси фойдаланишга яроқсиз транспорт воситаларни ҳисобдан чиқариш қоидаларини бузиш фуқароларга БҲМнинг беш баравари, мансабдор шахсларга эса ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлишини назарда тутувчи саккизинчи қисм билан тўлдирилиши режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс келгусида 126 прим 1-модда билан тўлдирилиши ва ҳайдовчилар ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатномада кўрсатилган талабларни бузиб, транспорт воситаларидан фойдаланганлиги учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида (375 минг сўм) жаримага тортилишлари мумкин.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 332-моддаси 2-қисмида назарда тутилган – йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жаримани ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан эътиборан 60 кун эмас, 90 кундан кечиктирмай тўлаши лозимлиги белгиланмоқда.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Қонун лойиҳаси муҳокамаси жорий йилнинг 11 апрель кунига қадар давом этади.
LiveБарчаси