Тони Блэр Ғазодаги муваққат ҳукуматга раҳбарлик қилмоқчи – ОАВ
Олам
−
29 Сентябрь 4926 2 дақиқа
Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блэр Ғазода халқаро ўтиш даври ҳукуматига раҳбарлик қилишни истамоқда. Бу ҳақда “The Economist” хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш бошлангандан бери кўплаб давлатлар ва ташкилотлар Ғаза секторининг келажаги бўйича турли режалар таклиф қилган. Тони Блэр эса урушдан кейинги даврда анклавни қайта ташкил этишга энг кўп қизиқаётган сиёсатчилардан бири сифатида тилга олинмоқда.
Маълум бўлишича, Британиянинг собиқ бош вазири 2023 йил 7 октябрдан буён бир неча бор Қуддусга ташриф буюрган ва ўзининг Лондондаги фондига Ғазо учун урушдан кейинги мандат режасини ишлаб чиқишни топширган. Бир нечта манбаларнинг билдиришича, Блэр Ғазо халқаро ўтиш даври ҳукуматини (GITA) бошқариши мумкин. Бу тузилма БМТдан беш йил давомида “энг юқори сиёсий ва ҳуқуқий орган” сифатида фаолият юритиш ваколатини олишга интилади.
Агар Блэр номзоди маъқулланса, унинг ихтиёрида 25 кишидан иборат аппарат бўлади ҳамда у секторни бошқарадиган ижро этувчи орган устидан назорат олиб борувчи етти кишилик кузатув кенгашига раҳбарлик қилади. Молиялаштириш Форс кўрфази давлатлари зиммасига юклатилиши кутилмоқда.
GITA вақтинчалик халқаро бошқарув тузилмаларининг Шарқий Тимор ва Косоводаги тажрибаси асосида ташкил қилинади. Дастлаб у Ғазо чегарасидаги Мисрнинг Шимолий Синай вилоятида жойлашади, кейинчалик эса халқаро контингент ёрдами билан бевосита Ғазога кўчирилади. Режага кўра, фаластинликларга анклавни тарк этиш тақиқланади, Ғазо ва Ғарбий Соҳил бирлаштирилади ҳамда аста-секинлик билан сектор Фаластин маъмурияти назоратига ўтказилади.
Маълумот учун, Сер Энтони Чарльз Линтон Блэр – британиялик сиёсат ва давлат арбоби, Буюк Британия Лейбористлар партиясининг собиқ етакчиси. 1997 йилдан 2007 йилгача Буюк Британия бош вазири лавозимида ишлаган.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг август ойи охирида АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйда Ғазодаги уруш ва урушдан кейинги режалар юзасидан сиёсий йиғилишга раислик қилганди. Йиғилишда Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр ва Трампнинг куёви, Яқин Шарқ бўйича собиқ вакили Жаред Кушнер ҳам иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Ғазо бўйича 21 банддан иборат тинчлик режасини эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди. Унда Ғазони вақтинчалик муваққат ҳукуматидаги фаластинлик технократлар бошқариши, улар АҚШ бошчилигидаги халқаро орган назоратида бўлиши ҳамда араб ва европалик ҳамкорлар иштирок этиши назарда тутилган.