“Толибон“ замонавий қуролларга эга эканлиги аниқланди

Олам

image

Афғонистоннинг шимоли-шарқида фаолият юритаётган “Толибон“ ҳаракати жангариларида замонавий қуроллар мавжуд. Бу ҳақда Афғонистоннинг Қундуз вилояти ҳокими Абдул Жаббор Наимий маълум қилди.

Тожикистон билан чегарадош Қундуз вилояти муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлиб, Марказий Осиёга ўзига хос дарвоза бўлиб хизмат қилади. 2015-2016 йилларда вилоят маркази бўлмиш Қундуз шаҳри икки марта толиблар томонидан босиб олинган. Вилоят сўнгги 3,5 йил давомида Афғонистон ҳукумати назорати остида. Аммо ҳамон жангарилар ушбу минтақада ўз таъсирини кучайтиришга уринишмоқда.

Наимийнинг сўзларига кўра, “Толибон сафида хорижлик жангарилар сони кўпайган. Улар ўз мамлакатидан қочган жиноятчилар ҳисобланади.

“Турли мамлакатлардан келган одамлар “Толибон“ томонида жанг қилмоқдалар. Уларнинг кўплари ватанларига қайтмайди. Чунки улар у ерларда жиноятчи ҳисобланади“, дейди Наимий.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистондаги “Толибон“ замонавий қурол-аслаҳалар, жумладан, учувчисиз самолётлар билан таъминланган. Бу афғон ҳукуматини “ташвишга солмоқда“. Ушбу қуролларни жангариларга кимдан ва қандай қилиб олгани катта савол бўлиб қолмоқда.

Афғонистон шимолида “Толибон“ билан бир қаторда бошқа қуролли гуруҳлар ҳам фаолият олиб бормоқда. Улар ушбу ҳудудлардаги тинч аҳолини террорга дучор қилмоқда.

“Улар аҳолининг ерларини ва уйларини олиб қўйишмоқда. Баъзилари зўравонликдан қочиб, ўзлари “Толибон“ сафига қўшилишга мажбур бўлишади“, дейди ҳоким.

Маълумот учун, Афғонистонда ҳукумат кучлари ва илгари мамлакатнинг муҳим ҳудудларини эгаллаб олган “Толибон“ ҳаракати жангарилари ўртасида қарама-қаршилик мавжуд. Шунингдек, мамлакатда ИШИД террорчилик гуруҳининг таъсири кучайган. Ҳозирда Афғонистон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бутун мамлакат бўйлаб қўшма аксилтеррор операцияларини ўтказмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон Қундуз

Баҳолаганлар

293

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг