“Толибон” ва Туркманистон яширинча музокаралар ўтказди — ОАВ

Жамият 17567
image
-

"Толибон" делегацияси Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигида жорий йилнинг 10 июль куни яширинча музокаралар ўтказди, аммо музокаралар тўғрисида бирорта расмий хабар берилмади. Бу ҳақда "Asia-Plus" нашри хабар бермоқда.

“Толибон” ҳаракатининг делегацияси Aшхободда бўлиб, Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигида музокаралар ўтказган. Туркманистоннинг таклифига биноан амалга оширилган ташриф тўғрисида Aшхобод бирорта расмий хабар бермади. Аммо Ашхободда бўлиб ўтган музокаралар ҳақидаги маълумотни "Толибон"нинг Қатардаги вакили Муҳаммад Наим тасдиқлади. 

"Ашхободга "Толибон" делегацияси расмий равишда ташриф буюрди. "Толибон" делегацияси ва Туркманистон расмийлари ўртасидаги музокаралар Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтди. "Толибон" ва Туркманистон ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий алоқалар, хавфсизлик ва чегара масалалари муҳокама қилинди. Делегацияни Туркманистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари кутиб олди", дея хабар берди Муҳаммад Наим. 

Маълумотларга кўра, Муҳаммад Наим делегацияга ким раҳбарлик қилгани ҳамда Туркманистонда ким музокаралар олиб борганига аниқлик киритмаган. 

Аммо, Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигига яқин манбаларнинг хабар беришича, 10 июль куни “Толибон”нинг Қатардаги сиёсий идораси раҳбари Шер Муҳаммад Aббос Станикзай Aшхободга ташриф буюрган. Манбалардан бирининг даъво қилишича, делегация билан Туркманистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Вепа Хожиев учрашган.

Хабарга кўра, Туркманистон "Толибон" вакилларидан Ашхободга ташрифи ҳақида овоза қилмасликни сўраган. Бундан ташқари, Туркманистон "Толибон"дан музокараларни сир тутишни илтимос қилган. Бунга сабаб дея, Туркманистон Қобулдаги расмийларни ғазаблантиришни истамагани кўрсатилмоқда. Музокараларда томонлар тажовуз қилмаслик ва эҳтимолий қочқинлар оқимини тўсишни муҳокама қилишган. 

11 июль куни Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати Aфғонистон чегарасидаги вазият юзасидан баёнот берган эди. Баёнотда ТИВ туркман-афғон чегарасига оғир ҳарбий техникалар жойлаштирилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Шунингдек, ТИВ Россия оммавий ахборот воситаларини нотўғри ахборот тарқатишда айблади.

Унга кўра,  Aшхободдаги “Толибон” билан музокаралар, шунингдек Aфғонистон ҳукумати ҳарбийлари ва “Толибон” жангариларининг Туркманистон билан чегарадош ҳудудлардаги тўқнашувлари ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида “Толибон” делегацияси Туркманистон ҳукуматининг таклифига биноан Aшхободга ташриф буюрган эди. Шунингдек, "Толибон" жорий йилнинг 8 июль куни Москвага ташриф буюрганди. “Толибон” ҳаракати сиёсий идораси делегацияси Москвада ўтказилган маслаҳатлашувларда гуруҳ Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмаслигига кафолат берганди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 482
Рейтинг: 2.9
t
×