“Толибон” Ўзбекистон армиясидан қарийб 3 баробар катта армия тузмоқчи
Олам
−
15 Февраль 2022
57936Ўтган йилнинг август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган “Толибон” ҳаракати 150 минг кишилик янги армия тузмоқчи. Бу ҳақда кеча, 14 февраль куни ҳаракат томонидан тайинланган Мудофаа вазирлиги Матбуот котиби Иноятуллоҳ Хоразмий “Бахтар” ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, янги қуролли кучларни шакллантиришда Мудофаа вазирлиги жанговар тажрибага эга бўлган, жумладан, аввалги тузум даврида ҳам хизмат қилган ҳарбийларни сафарбар қилишни режалаштирган.
“Биз камида 150 минг кишилик миллий армия яратишни режалаштирмоқдамиз. Ҳозирда деярли 90 минг киши ҳарбий корпус ва ҳарбий марказларда рўйхатга олинган. Бундай тузилмани яратиш учун профессионал кадрлар зарур. Шунинг учун Миллий Мудофаа вазирлиги янги армия таркибига жанговар тажрибага эга офицерларни жалб қилади”, дейди Хоразмий.
Мудофаа вазирлиги вакили бўлажак армиянинг техник жиҳозланишини шарҳлар экан, “Толибон” қатор қўшни давлатлар билан ҳарбий техника етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бораётганини ҳам қўшимча қилди.
Шунингдек, у 2021 йил сентябрь ойидан буён толибларнинг маънавиятини назорат қилувчи “Тасфийе ас-Саф” (Сафларни тозалаш) комиссиясини тузганидан буён ҳаракатнинг 4 мингдан ортиқ тарафдори “Толибон” сафидан чиқариб юборилганини таъкидлади.
“Афғонистон Ислом Амирлигидан бугунги кунга қадар “Тасфийе ас-Саф” комиссияси иш натижаларига кўра, ишончсиз деб топилган 4202 киши чиқариб юборилди”, дейди Хоразмий.
Маълумот учун, 2021 йил охирида “Толибон” миллий армияни қайта ташкил этиш ва самарадорлигини ошириш билан шуғулланувчи махсус қўмита тузгани ҳақида маълум қилган эди. Айни вақтда улар ҳарбий таълим тизимига диний-мафкуравий таълим асосларини босқичма-босқич жорий этмоқда.
Таққослаш учун, Global Firepower нашрининг 2017 йилда тақдим этган маълумотларига кўра, Ўзбекистон армиясида ҳарбий хизматчиларнинг умумий сони 65 минг нафарни ташкил этади.
Аввалроқ, “Толибон” ҳаракати Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарадош вилоятларга замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан қуролланган 10 минг жангарисини жўнатгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси