“Толибон” Туркияга талаб қўйди
Олам
−
11 Июнь 2021
42840“Толибон” ҳаракати Туркиядан НАТОга аъзо бошқа мамлакатлар қаторида Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракати вакили Сухейль Шахин айтиб ўтди.
“НАТО аъзоси ҳисобланган Туркия АҚШ билан 2020 йил 29 февралда имзолаган битимимиз асосида Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак”, дейди Шахин.
Толиблар вакили Афғонистоннинг Туркия билан бўлажак алоқаларига ҳам тўхталиб, шундай деган:
“Туркия буюк мусулмон давлати. Афғонистоннинг у билан тарихий алоқалари мавжуд. Келажакда мамлакатимизда янги Ислом ҳукумати ташкил этилгандан кейин, у билан яқин ва яхши муносабатда бўлишга умид қиламиз”.
Шу орқали толиблар Туркиянинг Афғонистонда ўз қўшинларини сақлаб қолиш таклифига рад жавобини берди. Аввалроқ Туркия НАТО қўшинлари мамлакатни тарк этганидан сўнг, Кобул аэропортини ўз Қуролли Кучлари билан қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклиф берганди.
“Reuters” маълумотларига кўра, расмий Анқара ушбу таклифни НАТОга аъзо мамлакатлар Мудофаа вазирларининг жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган учрашувида Вашингтонга берган. Туркиянинг таклифи бўйича муҳокамалар келаси ҳафта НАТО саммити доирасида давом этиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Туркиянинг НАТО сафида Афғонистонда бўлиб турган ҳарбийларининг сони 500 нафарни ташкил қилади. Мамлакат ушбу альянс сафига 1952 йилда қўшилган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йилнинг май ойида Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15