“Толибон” Сурия муваққат президентини табриклади
Олам
−
19 Февраль 4033 2 дақиқа
Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг бош вазири Ҳасан Охунд Суриянинг янги президенти Аҳмад аш-Шарага мактуб йўллаб, уни Сурия муваққат президенти этиб тайинлангани билан табриклади. Бу ҳақда Amu TV хабар берди.
Сурия муаммоларини ҳал этишда муваффақиятлар тилаганини эълон қилди. Охунд ўз мурожаатида Афғонистон ва Сурия ўртасидаги “қардошлик муносабатлари” мустаҳкамланишига умид билдириб, алоқаларни мустаҳкамлаш икки халқ манфаатларига хизмат қилишини таъкидлади.
Бу 2021 йил августида “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритганидан бери Охунд биринчи марта хорижлик етакчи билан бевосита мулоқотда бўлди.
Аҳмад аш-Шара, 1982 йилда Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида туғилган, 2025 йил январида Россияга қочган президент Башар Асаднинг ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган ҳал қилувчи ҳужумни бошқарганидан сўнг Суриянинг муваққат президенти бўлган.
Бунгача аш-Шара дастлаб “Ал-Қоида” бўлими сифатида тузилган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳига қўмондонлик қилган. Унинг раҳбарлигида гуруҳ Суриядаги фуқаролар урушида муҳим роль ўйнади ва Асад кетганидан кейин ўтиш даври ҳукумати ўрнатилиши билан якунланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг янги раҳбарияти илк ташриф билан Саудия Арабистонига борганди. Ташриф Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал ибн Фарҳон Ол Сауднинг расмий таклифига биноан уюштирилган. Аммо ташриф тафсилотлари ошкор қилинмади. Шундан сўнг, Сурия муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Асад Ҳасан аш-Шибоний расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига борди.
Live
Барчаси