“Толибон”нинг асосий мақсади нималиги айтилди
Олам
−
03 Сентябрь 2021
38083“Толибон” ҳаракатининг Афғонистонда ҳокимиятни эгаллагандан кейинги асосий мақсади халқаро майдонда расмий эътирофга сазовор бўлиш. Бу ҳақда Санкт-Петербург давлат университети постсовет ҳудудидаги халқаро муносабатлар кафедраси доценти Руслан Шамгунов маълум қилди.
“Толибларнинг аниқ мақсади – бутун дунё бўйлаб тан олиниш ва “террорчилик ташкилоти” белгисини олиб ташлаш”, дейди олим.
Унинг таъкидлашича, “Толибон” қўшни давлатларнинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилмайди, шунингдек, агар уларнинг аҳолиси “диндор мусулмон” бўлсалар, эътироз билдирмайди.
Лондон университетларидан бирининг профессори Биркберк Роберт Сингх ҳам шунга ўхшаш фикр билдирган. У чет эл сармоясини жалб қилиш ва халқаро савдони тиклашни “Толибон”нинг асосий вазифаларидан бири, деб атаган.
“Эртами-кечми, толибларнинг ҳақиқий юзи яна очилади ва улар яна талон-тарож қилишда, ўлдиришда ҳамда ўз радикал тартибини қуришда давом этишади”, деб ишонч билан аймоқда олим.
“Валдай” клуби мутахассиси, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро тадқиқотлар институти Евроосиё тадқиқотлари маркази директори ва етакчи илмий ходими Иван Сафранчук “Lenta.ru” сайтига берган интервьюсида “Толибон” 1990-йиллардаги каби бўлишини айтди. У жангарилар ўз сиёсатини бироз юмшатишини тан олган.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси