“Толибон” қайси давлатлар билан яхши алоқада экани айтилди 

Олам

image

“Толибон” ҳаракати Россия, Хитой ва бошқа қўшни давлатлар билан яхши алоқада. Бу ҳақда ҳаракат сиёсий идораси вакили Муҳаммад Наим маълум қилди. 

“Хитой — бизнинг қўшнимиз, у билан яхши муносабатдамиз. Худди шу нарса Россияга ҳам тегишли”, деган у. 

Наимнинг сўзларига кўра, “Толибон” Эрон, Хитой, Покистон ва Ўзбекистон билан узоқ йиллик алоқаларга эга ва бу давлатлар, Ғарб давлатларидан фарқли ўлароқ, толибларнинг ҳокимиятга келишидан хавотирга тушмайди. 

Наимнинг айтишича, “Толибон” Қобулда Хитой делегацияси билан учрашган ва Афғонистондаги ҳозирги вазият, икки томонлама муносабатлар, шунингдек, ХХРнинг инсонпарварлик ёрдами жўнатишини муҳокама қилган. 

Маълумот ўрнида, Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олег Сиромолотов Москва Афғонистоннинг янги ҳукуматини тан олишга шошилмаслигини, балки Афғонистоннинг янги ҳукуматининг амалий қадамлари ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли қарорларига эътибор қаратишини айтган. 

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Хуа Чуньин эса Хитой Афғонистон давлат суверенитети ва мамлакатдаги турли партиялар иродасини ҳурмат қилишга асосланиб, “Толибон” билан алоқани қўллаб-қувватлашини ва ҳаракат мўътадил ички ва ташқи сиёсат олиб боришига умид қилишини таъкидлаган.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

851

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг