“Толибон” босими ортидан Туркиядаги Афғонистон элчихонаси ёпилди

Олам

image

Кеча, 6 февраль куни Афғонистоннинг Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги элчихонаси ўз эшикларини расман ёпганини эълон қилди. Бу ҳақда элчихонанинг Х ижтимоий тармоғида хабар берилди.

Маълум қилинишича, элчихона сўнгги уч ярим йил давомида “Толибон” ҳокимиятга келгунга қадар Афғонистон давлати вакили бўлган жамоа билан ишлаган.

“Толибон”нинг элчихонани назорат остига олишга бўлган муваффақиятсиз уринишлари ва бу элчихона дипломатлари ва ходимларига доимий босим ўтказилаётгани сабаб элчихона ёпилди”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги бу борада ҳозирча изоҳ бермаган.

Ўзининг якуний хабарида элчихона Афғонистонда “халқ иродасига асосланган қонуний ҳукумат” йўқлиги сабаб ёпилаётганини ёзган. Шунингдек, элчихона вакиллари йиллар давомида кўрсатган ёрдами учун Туркияга миннатдорчилик билдирган.

“Туркия “Толибон” ҳукмронлигини тан олмаганига ва барча икки томонлама келишувларни тўхтатганига қарамай, ҳозирги оғир вазиятда афғон халқининг ёнида туришда давом этмоқда. Бу қарорда Туркиянинг Қобулдаги элчихонаси ҳамда Мозори Шариф ва Ҳиротдаги Бош консулликларини Афғонистон халқига хизмат кўрсатиш учун фаол қолдириш зарурати инобатга олинган. Умид қиламизки, Туркиянинг бу инсонпарвар ва халққа қаратилган сиёсати Афғонистон халқ иродасига асосланган қонуний ҳукуматга эришмагунча давом этади”, дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил кузда Британия ҳукумати Афғонистон собиқ ҳукумати томонидан тайинланган мамлакат элчихонасини ёпиш тўғрисида афғон дипломатларини хабардор қилганди. Бу ҳаракат июль ойида “Толибон”нинг аввалги ҳукумат томонидан ташкил этилган элчихоналарни, жумладан Кенсингтондаги миссияни энди тан олмаслик тўғрисида эълон қилганидан кейин амалга оширилди. Элчихона 27 сентябрь куни расман ёпилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Афғонистон элчихонаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг