“Толибон” аёлларнинг машҳур миллий боғга киришини тақиқлади

Олам

image

Афғонистондаги муваққат ҳукумат – “Толибон” аёлларга мамлакатнинг энг машҳур миллий боғларидан бири, марказий Бомиён вилоятидаги Банди-Амир боғига киришни тақиқлади. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Тақиқ Ёмонлик ва фазилат вазирлиги боғга келган аёллар мусулмонлар бош кийимини нотўғри кийганини билдиргандан кейин эълон қилинган.

Вазир Муҳаммад Холид Ҳанафий хавфсизлик кучларига аёлларнинг Банди-Амир боғига киришига йўл қўймаслик ҳақида кўрсатма берган. 

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch янги тақиқни аллақачон танқид қилган. 

“Мен кўплаб афғон аёлларининг “Толибон” тақиқи уларга нафас олишига йўл қўймаслиги ҳақида гапираётганини эшитдим. “Толибон” аёлларнинг очиқ ҳавода бўлиб, табиатдан завқланишларига тўсқинлик қилаётганини кўрмагунингизча, бу муболаға бўлиб туюлади”, дейди Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Хизер Барр.

2009 йилда ташкил этилган Банди-Амир миллий боғида уч минг метр баландликда туркуаз кўллар мавжуд. Ҳар йили бу боғга ўн минглаб афғонлар ташриф буюради. Ҳатто 2001 йилдан 2021 йилгача хорижий қўшинлар ва “Толибон” ўртасидаги уруш пайтида ҳам у мамлакатдаги энг хавфсиз жойлардан бири бўлган. 

2013 йилда бу боғ афғон жамиятида аёлларга нисбатан муносабатнинг ўзгариши рамзига айланди, чунки мамлакатда биринчи марта тўрт нафар аёл инспектор ишга қабул қилинди.

Афғонистонда қизлар ва аёлларнинг ҳуқуқларини чекланиши

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” Қобул ва Афғонистоннинг бошқа вилоятларида гўзаллик салонларининг фаолиятини тақиқлаганди. Бундан ташқари, мамлакатда аллақачон қизлар учун таълим муассасалари, жумладан, мактаблар ва университетлар ёпилган. “Толибон” томонидан афғон аёлларининг халқаро ва миллий ноҳукумат ташкилотларда ишлаши ҳам ман этилган. Оммавий ахборот воситаларига эса аёллар овози билан эфирга узатиладиган тижорий эълонларни бериш тақиқланган. 

Аввалроқ мамлакатдаги аёллар сартарошхоналарига косметика воситаларидан фойдаланишда қатор чекловлар жорий этилганди. Бундан ташқари, афғонистонлик аёллар очиқ ҳаводаги ресторанларга бориши ҳам мумкин эмас. Жорий йил апрель ойида нишонланган Рамазон ҳайитида, ҳатто, аёлларнинг кўчага чиқиши ҳам тақиқланганди. Бундай чекловлар нафақат аёлларга, балки эркакларга нисбатан ҳам жорий қилинган. Масалан, эркаклар учун аёлларнинг кийимларини тикиш тақиқланган. Шунингдек, Афғонистонда аёлларни эркак шифокорлар даволаши ҳам мумкин эмас. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботига кўра, “Толибон” ҳокимияти остида сўнгги пайтларда ўсмир қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайган. Шунга қарамай, “Толибон” яқинда мамлакат аёлларининг “эркин инсон” мақоми тикланганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон миллий боғ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг