“Толибон” Афғонистондан Ўзбекистонга ҳужум қилингани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди
Олам
−
20 Апрель 2022
52287Афғонистоннинг “Толибон” томонидан тузилган муваққат ҳукумати мамлакат ҳудудидн Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига ракета ҳужуми уюштирилганини рад этди.
“Афғонистон Ислом Амирлиги Ташқи ишлар вазирлиги афғон томонидан Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига ракета зарбаси берилгани ҳақидаги ижтимоий тармоқларда тарқалган миш-мишларни инкор этади. Афғон-ўзбек чегарасидаги вазият одатдагидек, хавотирга ўрин йўқ”, деб ёзган Афғонистон ТИВ вакили Абдул Қаҳор Балхи Twitter’даги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Афғонистон томонидан Ўзбекистоннинг ушбу мамлакат билан чегарадош Термиз шаҳридаги мудофаа объектларига ИШИД террористик гуруҳи ракета ҳужуми уюштиргани ҳақида маълумотлар тарқалганди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раиси ўринбосари - Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов баёнот бериб, ушбу хабарлар ёлғон эканини урғулади.
“Айрим Telegram-каналлар томонидан Термиз шаҳри атрофида Ўзбекистон ҳарбийлари Афғонистон ҳудудидан ракеталар билан ўққа тутилгани тўғрисида тарқатилаётган хабарлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Чегара қўшинлари берган маълумотга кўра, Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида ҳеч қандай ҳарбий фаоллик кузатилмаяпти, вазият барқарор.
Провокацияларга берилмаслигингизни сўраймиз”, деган Асадов.
Ундан кейин Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳам ҳолат бўйича баёнот билан чиқиб, чегарадаги вазият барқарор ва назорат остидалигини маълум қилди. Жумладан вазирлик баёнотида шундай дейилади:
“Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги ҳарбий объектларига ракета ҳужуми уюштирилгани ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегараси Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан тўлиқ назорат қилиниб, барқарор вазият таъминланмоқда.
Фуқароларимиздан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликлари ва расмий манбаларга таянишларини сўраб қоламиз”.
LiveБарчаси