“Толибон” Афғонистондаги учта йирик шаҳарга ёппасига ҳужум бошлади

Олам 15410
image

“Толибон” жангарилари Афғонистон жануби ва ғарбидаги учта муҳим шаҳарни эгаллаш учун ҳаракат қилмоқда. BBC нашрининг ёзишича, ҳозирда жанглар давом этмоқда.

“Толибон” кучлари Ҳирот, Лашкаргоҳ ва Қандаҳор шаҳарлари яқинига етиб келган. Қандаҳор Афғонистондаги энг йирик иккинчи шаҳар ҳисобланади.

Толиблар сентябрь ойигача барча хорижий қўшинлар ва асосан Америка қўшинлари олиб чиқилиши эълон қилинганидан кейин Афғонистоннинг турли ҳудудларига ҳужумни кучайтириб, қатор туманларни эгаллаб олди. Аммо бу шаҳарларнинг тақдири бутун мамлакат учун фавқулодда муҳим ҳисобланади.

Толиблар Афғонистоннинг ярмини, жумладан, Эрон ва Покистон билан чегарадаги даромадли ҳудудларни эгаллаб олгани айтилмоқда. Қандаҳордаги депутатлардан бири Гул Аҳмад Камин ҳозир толиблар шаҳарни эгаллаб олиши бўйича жиддий хавф борлигини айтган.

Қандаҳорни аллақачон ўн минглаб одамлар тарк этган ва бу ердаги гуманитар вазият жудаям оғир. Депутат вазият ҳар соат ёмонлашаётганини, шаҳар кўчаларида сўнгги 20 йилдаги энг оғир жанглар олиб борилаётганини айтган.

Афғонистонлик сиёсатчининг қўшимча қилишича, Толибон Қандаҳорни асосий маркази деб билади ва уни яна пойтахтга айлантиришни режалаштирмоқда. Агар шаҳар бой берилса, бир нечта қўшни вилоятлар ҳам “Толибон” назоратига ўтиб кетади.

Унга кўра, толиблар Қандаҳорга бир неча томондан яқинлашмоқда. Жанглар шаҳарнинг ўзида олиб борилгани ва аҳоли зичлиги сабабли ҳукумат аскарлари оғир артиллериядан фойдалана олмаяпти.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 286
Рейтинг: 3
t
×