“Толибон” ҳукумати раҳбари истеъфога чиқди – ОАВ
Олам
−
17 Май 2023
15463Афғонистондаги “Толибон” Муваққат ҳукумати раҳбари Муҳаммад Ҳасан Охунд соғлиғи ёмонлашгани сабабли ўз лавозимидан озод этилишини сўради. Бу ҳақда “Толибон” ҳукуматидаги манбага таяниб, “TOLOnews” телеканали хабар берди.
Телеканал маълумотларига кўра, Абдул Кабир “Толибон” ҳукуматида Муваққат бош вазири лавозимига тайинланган. Илгари у Охунднинг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган.
Охунд “Толибон” ҳукуматини 2021 йил сентябридан – ҳукумат тузилганидан бошлаб бошқариб келган.
АҚШ 2021 йил баҳорида ўз Қуролли кучларини Афғонистондан олиб чиқиш қарорини эълон қилгач, “Толибон” мамлакат устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 15 август куни “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса республикани тарк этди.
“Толибон” 6 сентябрь куни бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилганини, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган Муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.
Маълумот ўрнида, Муҳаммад Ҳасан Охунд “Толибон” ҳаракати асосчилари ва етакчиларидан биридир. У Қандаҳор вилоятининг Панжва туманининг Пашмул шаҳрида туғилган. Охунд Қандаҳор шаҳри ҳокими сифатида ҳам ишлаган. У 2001 йилнинг январидан бери БМТ санкциялари остида қолмоқда.
LiveБарчаси