“Толибон”нинг қанча қўшини ва қандай қуроллари бор?
Олам
−
27 Июль 2021
43233Афғонистоннинг турли ҳудудларига ҳужумларни кучайтирган "Толибон" ҳаракати бугунги кунда 75 минг жангарига эга. Бу ҳақда Россия Президентининг Aфғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов “Эхо Москвы”га берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Афғонистонда иккита куч бор. Булар мамлакатнинг нисбатан кўпроқ қисмини ва йирик шаҳарларини назорат қилувчи расмий ҳукумат кучлари ва “Толибон”. Толиблар айни вақт мавсум авжига чиққанида 75 минг жангаридан иборат. Тинч пайтда эса уларнинг сони 45 мингача тушиб кетади. Чунки ҳаракат таркибидаги чўпонлар, деҳқонлар мавсум тугаганида ўз томорқаларига қайтади”, дейди Замир Кабулов.
Президент Путиннинг Афғонистон бўйича махсус вакилининг сўзларига кўра, толиблар асосан Калашников автомати, гранатомёт (ҳарбий техникага қарши қўлланиладиган, граната отиш қуроли) ва РПГ-7 (ракета ҳужумига қарши ҳимоя воситаси) билан қуролланган.
Эслатиб ўтамиз, Кабулов агар жангарилар Ўзбекистонга ҳужум қилса, мамлакат Қуролли кучлари эплай олишига ишонишини айтган.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь