Токио-2020: ўзбекистонлик спортчилар Паралимпиаданинг 4-кунида қандай натижа қайд этди?
Спорт
−
28 Август 2021
9853Бугун, 28 август куни Токио-2020 Паралимпиадасида ўзбекистонлик спортчилар 8 та медаль қўлга киритди. Умумий ҳисобда медаллар сони 11 тага етди.
Бугуннинг илк олтин медалини аёллар ўртасида пара енгил атлетиканинг найза улоқтириш турида (F13 класс) Нозимахон Қаюмова қўлга киритди. У 42,59 метр натижа билан биринчи ўринни эгаллади. Нозимахон Қаюмова Рио-2016 ёзги Паралимпия ўйинларида ҳам олтин медалга сазовор бўлган.
Пара енгил атлетиканинг диск улоқтириш тури бўйича (F57 класс) ўтказилган баҳсларда Моҳигул Ҳамдамова Паралимпия ўйинларининг чемпиони бўлди. У 31,46 метр натижа билан 1-ўринни эгаллади ва терма жамоага умумий ҳисобдаги учинчи олтин медални тақдим этди.
Пара енгил атлетиканинг ядро улоқтириш баҳсларида (F12 класс) иштирок этган Элбек Султонов Ўзбекистон ҳисобига иккинчи бронза медални ёзиб қўйди.
Унинг дастлабки уринишда қайд этган 15,94 метр натижаси якунда шоҳсупага кўтарилишига замин яратди. Бу Султоновнинг шахсий рекорди ҳисобланади.
Рўза Қўзиева пара пауэрлифтинг бўйича аёллар ўртасида 61 кг вазн тоифасида иштирок этиб, 130 кг тошни ўзига бўйсундирган ҳолда кумуш медалга сазовор бўлди.
Ўзбекистонлик пара дзюдочи Парвина Самандарова делегация ҳисобига Токио-2020 Паралимпия ўйинларининг кумуш медалини тақдим этди.
57 кг вазн тоифасида курашган Самандарова финалда озарбайжонлик Севда Валиевага қарши баҳс олиб борди. Муросасиз кечган беллашувда Самандарова вазари баҳоси эвазига имкониятни бой берди.
Пара дзюдо баҳсларида эркаклар ўртасида 73 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик спортчи Феруз Саидов финалда қозоғистонлик Темиржан Даулетга қарши татамига чиқди ва иппон баҳоси эвазига ғалаба қозонди. Таъкидлаб ўтиш керак, Феруз Саидов Рио-2016 ёзги Паралимпия ўйинларида бронза медални қўлга киритган эди. Бу сафар эса унга олтин насиб этди.
Дзюдо бўйича аёллар ўртасида 63 кг вазн тоифасида Нафиса Шерипбоева бронза медални қўлга киритди. У учинчи ўрин учун кечган баҳсда испаниялик Марта Арчени иппон баҳоси эвазига таслим этди.
Дзюдо бўйича эркаклар ўртасида 81 кг вазн тоифасида Ўзбекистон вакили Довурхон Кароматов олтин медаль учун кечган финал баҳсида мағлубиятга учради. Унга озарбайжонлик Хусейн Раҳимли рақиблик қилди. “Олтин очколар” учун кечган беллашувда Кароматов иппон баҳоси билан имкониятни бой берди ва якунда кумуш медалга сазовор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 август куни “Ниппон Будакан” аренасида ўтаётган дзюдо баҳсларида татамига кўтарилган 4 нафар ўзбекистонлик спортчининг барчаси медаль қўлга киритди:
Ушбу натижадан сўнг, умумжамоа рейтингида 12-ўринга кўтарилиб олган Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 11 тага етди: 4 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза.
Эслатиб ўтамиз, Токио-2020 Паралимпия ўйинларида биринчи олтин медални пара дзюдочи Учқун Қуронбоев олиб берганди. У финалда испаниялик Серхио Банон Ибаньесга қарши татамига чиқиб, “Golden Score”да рақибини мағлубиятга учратган.
LiveБарчаси