АҚШ ва Марказий Осиё ораси яқинлашмоқда, Президент кортежининг ваҳимаси ҳомиладор аёлни ўлдирди – Midweek
Таҳлил
−
23 Октябрь 4977 10 дақиқа
Дональд Трамп МО давлатлари раҳбарларини Вашингтонга йиғиши мумкин. АҚШ қонунчилари Трампни МО билан юбилей саммит ўтказишга чақирди.
АҚШ ва Россия Президентлари “вақтни беҳуда сарфламаслик” учун Будапештдаги саммитни ортга сурди. Кутилганидек улар Донецкнинг келажакдаги статуси борасида келиша олмаяпти.
Президент кортежи сабаб ҳомиладор аёл шифохонага етиб боришга улгура олмагани оқибатида вафот этгани айтилмоқда. Ташқи дунёга ёпиқ бўлган Туркманистондан бундай воқеага расмий муносабат билдирилиши қийин.
Луврдан кейин Дени Дидро. Францияда тарихда қоладиган серияли ўғирликлар содир бўлди.
Ҳафта ўртасига қадар дунёда содир бўлган шу каби муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан Qalampir.uz’нинг Midweek дастури ва биз бошладик.
АҚШ Марказий Осиёни ўзига чорламоқда
АҚШ расмийлари Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлашга жиддий қизиқиш билдирмоқда. АҚШ–Марказий Осиё муносабатларининг кейинги ўн йилликдаги йўналишини белгилаш, икки ўртада турли жабҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун конгрессменлар Трампни минтақадаги давлатлар билан C5+1 форматдаги юбилей саммит ўтказишга ундамоқда. АҚШ Конгресси аъзолари Сидни Камлагер-Дав ва Билл Хёйзенга Президент Дональд Трампга дипломатик форумнинг 10 йиллиги муносабати билан Вашингтонда C5+1 саммитини ўтказишга чақирган мактуб йўллашди.
Мактубда конгрессменлар форумнинг юбилейи Марказий Осиё билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва АҚШнинг минтақадаги хавфсизлик, иқтисодиёт, “юмшоқ куч” ва бошқарув соҳаларидаги стратегик манфаатларини илгари суриш учун ноёб имконият эканини таъкидлаган. Қонунчилар, шунингдек, маъмуриятни Марказий Осиё билан узоқ йиллик ҳамкорлик йўналишларини мустаҳкамловчи аниқ саммит натижалари ва келишувларни ишлаб чиқишга чақирган.
Маълумот учун, C5+1 формати 2015 йилда илк бор ташкил этилган. Бу АҚШнинг Марказий Осиёнинг бешта давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлиги учун кўп томонлама платформа ҳисобланади. Дастлаб фақат Ташқи ишлар вазирлари ўртасида ўтказилган бу йиғинлар Президентлар даражасига чиқиши учун 8 йил керак бўлди. 2023 йил 19 сентябрда илк марта давлат раҳбарлари иштирокида саммит ўтказилди. Тадбирда АҚШ Президенти Жозеф Байден, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров, Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимухамедов ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев қатнашган.
Аммо C5+1нинг АҚШ билан бўладиган йиғинлари ЕИ, Германия, Япония ёки бошқа йирик давлатлар билан ўрнатилган алоқалардек жиддий эмас. Чунки шу пайтгача АҚШ–Марказий Осиё саммитлари БМТ сессиялари арафасида ташкилотнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида ўтказиб келинган. 2015 йилда илк бор Ташқи ишлар вазирлари даражасида ҳам, 2023 йилда Президентлар ўртасида ўтган саммитлар ҳам айнан БМТ сессияси чоғида Нью-Йоркда ташкиллаштириб қўйилган. Алоҳида тайёргарликсиз, қайсидир халқаро сиёсий тадбир ичида ёки унга қўшиб юборадиган ҳолатларда ўтган.
Лекин бу сафар, агар Дональд Трамп конгрессменларнинг мактубига ижобий жавоб йўлласа, АҚШ–Марказий Осиё саммитининг даражаси бошқача кўриниш олиши эҳтимоли юқори. Боиси шуки, борди-ю ушбу саммит ташкил этилган тақдирда, унинг Вашингтонда ўтказилиши ҳам сўралган. АҚШ пойтахтида бундай юқори даражали саммитлар учун энг муносиб жой эса, албатта, Оқ уй бўлади. Бугун эса АҚШнинг амалдаги раҳбари билан минтақадаги давлат етакчилари орасида энг яхши алоқалар ким билан экани ҳақидаги баҳсларга ҳожат йўқ. Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил БМТнинг юбилей сессияси доирасида АҚШга қилган ташрифи барча масалаларга ойдинлик киритди. Бу орада эса Қозоғистон Ташқи ишлар идорасида катта ўзгаришлар содир бўлди. Кенг кўламли ушбу ўзгаришлар сабаби Трамп билан учрашув ташкил эта олмаганлик экани ҳақида миш-мишлар урчиганди.
“Вақтим ҳайф”
Дональд Трамп яна шошма-шошарликка йўл қўйгани яққол билиниб қолди. У бир неча кун олдин Россия Президенти билан тез орада Будапештда учрашаман, деб дунёга жар солганди. Аммо орадан кўп ўтмай Трамп ва Путин ўртасидаги учрашувга тайёргарлик вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Оқ уй расмийлари ОАВга бу учрашув яқин кунларда содир бўлмаслигини маълум қилган. Ушбу хабарлар тарқалгандан сўнг Дональд Трампнинг шахсан ўзи Путин билан ҳали бери учрашмаслигини тасдиқлади. АҚШ Президенти очиқчасига бу вақтни беҳуда сарфлаш эканини маълум қилди. У Путин билан бефойда учрашув ўтказишни истамаслигини, бу музокаралар бўйича ҳали қарор қабул қилмаганини айтди.
Россия эса масалага яна жуда эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Бир қарашда расмийлардан турли изоҳлар чиқяпти, аммо уларнинг Будапештдаги саммит қачондир албатта ўтказилиши, лекин бу яқин орада содир бўлмаслигига ишора қилаётгани кўринади. Масалан, АҚШ ва Россия ўртасида кўприкка айланган Кирилл Дмитриев вақт масаласидаги муаммога ОАВни сабабчи қилиб кўрсатди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса икки раҳбар ҳам вақтни беҳуда сарфлашни истамаслиги, учрашув учун жуда пухта тайёргарлик кўриш лозимлигини маълум қилди. Бўлажак мезбон Виктор Орбан эса Будапешт саммитига тайёргарлик тўхтатилди, деган хабарларни рад этмоқда. Венгрия Бош вазири учрашувга тайёргарлик давом этаётганини айтди. Бироқ Орбан ҳам саммит қачон ўтказилишини билмаслигини яширмади.
Хўш, Будапешт саммити қачон бўлади? Трамп ва Путин 16 октябрь куни бўлиб ўтган ўзаро телефон суҳбатидан сўнг Будапештда учрашишга келишиб олганди. Аслида, Трампнинг Оқ уйда Зеленскийни қабул қилган чоғида айтган гапларига кўра, бу учрашув жорий ёки келаси ҳафтада ўтказилиши керак эди. Давлат раҳбарларидан аввал Ташқи ишлар идораси турли учрашув ёки мулоқотларни амалга ошириб, саммит учун ҳозирланиши айтилган. 20 октябрда эса Рубио ва Лавровнинг телефон мулоқотидан сўнг Будапешт саммитининг келажаги соғлиқ остида қолди. Чунки маълумотларга кўра, АҚШ ва Россия Украинани босқинини тўхтатиш бўйича илк талабларни ҳам келиша олмаган. Яъни Москва Донецкни тўлиқ ўзиники қилишни истамоқда, АҚШ эса барча ҳаракатлар ҳозирги фронт чизиғида тўхташи лозимлигини уқтирмоқда.
Жорий ҳафта давомида энг кўп муҳокама қилинган мавзу ҳам шу бўлди. Эсингизда бўлса, Трамп Зеленскийни Оқ уйда қабул қилганида, унга на фақат узоқ масофали ракеталар бермагани, балки Донецкдан тўлиқ воз кечишга ундагани ҳам айтилганди. Трамп ўз чиқишларида доимо Донецк ерларининг 78 фоизи Россия томонидан босиб олингани, Украинада жуда кам улуш қолгани ҳақида гапиради.
Аслида-чи? Ҳа, тан олиш керак, Трамп бу борада кўп ҳам адашмаяпти. Ҳозирги ҳолатга кўра, Украина қўли остида ушбу вилоятнинг учдан бир қисмигина қолган. Қолган 67–70 фоизи эса Россия назоратига ўтиб кетган. Жанглар эса айнан Донецкда анча жиддий тус олмоқда. Россиянинг Украинага босқини ҳануз давом этмоқда.
Президент кортежи бир аёлнинг “жонини олди”
Диктаторлар ҳақида сўз кетганда Туркманистоннинг бугунги раҳбарлари бу мавзуда алоҳида эътибор қозонади. Масалан, ғалати мукофотлар, қандайдир мусиқий альбомлар, спортга доир ютуқлар ва бошқа шунга ўхшаш кўнгилочар машғулотлар Туркманистон собиқ етакчисининг жон-у дили эди. Бир пайтлар Гурбангули Бердимуҳамедов сиёсат билан қачон ва қайси пайт шуғулланаркин, деб сўраганлар ҳам бўлган. Энди Туркманистон ҳақида ортиқча таърифга ҳожат йўқ. Мамлакат мустақилликка эришганидан бери энг катта “ютуғи” – пандемия даврида “энг яхши ижобий кўрсаткичларни” қайд этгани бўлди.
Ҳар томондан герметикланган бу давлатда инсон ҳуқуқлари фақат Бердимуҳамедовлар оиласи учун ишлаши эса аввалдан маълум эди. Сердар ҳокимиятга келгач, дунё ҳамжамиятида бироз бўлса-да умид пайдо бўлганди. Аммо ҳеч нарса ўзгармади. Ҳаммаси ўз ҳолича қолди. Сўнгги кунларда эса айнан у билан боғлиқ ҳолатда жуда ачинарли ўлим содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Туркманистондан ташқардаги ОАВлар жорий йилнинг 15 октябрь куни Лебап вилоятининг Туркманобод шаҳрида Президент Сердар Бердимухамедов кортежи сабаб хавфсизлик кучлари томонидан йўллар тўсиб қўйилгани ортидан етти ойлик ҳомиладор аёл шифохонага етиб боролмагани оқибатида вафот этганини маълум қилди.
Ўша куни Бердимуҳамедов Туркманободдаги Сапармурод Ниёзов номидаги кимё заводида минерал ўғитлар ишлаб чиқариш мажмуасининг пойдеворини қўйиш маросимида иштирок этган. Шу муносабат билан, шаҳардаги кўча ва йўллар ёпилган, хавфсизлик ва милиция ходимлари бир неча соат давомида транспорт ва пиёдалар ҳаракатини чеклаган. Ҳомиладор аёлнинг эри уни шифохонага олиб бориш жараёнида хавфсизлик ходимларини тўхтатиб, ўтишга рухсат бермаган. Айтилишича, эр тиз чўккан ҳолда ёлворган, улар эса “хиёбон орқали боринглар” деган. Улар шифохонага етиб боришганида эса шифокорлар энди ҳеч нарса қила олмасликларини айтган – аёл эрининг қўлида ҳалок бўлган.
Баъзи маълумотларга кўра, хавфсизлик ходимлари эркакнинг ўзига бориб, “ҳақиқатни сир сақлашни” талаб қилган. Маҳаллий аҳоли маълумот беришича, оиланинг уйи хавфсизлик кучлари томонидан қўриқланмоқда, эркакка эса таҳдидлар қилинган. Шифокорлар айтганидек, ўша куни тез ёрдам машиналари ҳам ҳаракатлана олмаган.
Марҳуманинг турмуш ўртоғи Президент Бердимуҳамедовга шикоят қилиб, адолат излашини ҳамда воқеа ҳақида ОАВ ва БМТга хабар беришини айтган. Аммо Озодлик радиосининг Туркман хизмати маълумотига кўра, ўша кундан кейин хавфсизликчилар унинг уйига бориб, “ўғлингнинг келажаги ва соғлиги ҳақида ўйла”, деган таҳдидли “маслаҳат” берган. Туркманистон расмийлари эса, кутилганидек, воқеа юзасидан изоҳ бермаган.
Францияда тарихий талончилик – Лувр ва Дидро соатлар ичида туналди
Дунё Лувр музейидаги ўғирликни ҳануз ҳазм қилиб улгурмасдан, Францияда яна бир ҳайратланарли талончилик содир бўлди. Дастлаб, 19 октябрь куни Луврдан ўғирланган тарихий ва жуда қимматбахо экспонатлар рўйхатига тўхталсак. Ўша куни Наполеоннинг иккинчи рафиқаси Мари-Луиза тўпламидан маржон ва сирғалар, қиролича Мария-Амалия ҳамда Нидерландия қироличаси Гортензия де Богарне коллекцияларидан маржон, сирғалар ва тиара, шунингдек, Наполеон III рафиқаси Евгения коллекциясидан кўйлак безаги учун бант ва тиара. Евгениянинг тожи ва яна бир безак буюмини ўғирлар қочиш чоғида Лувр девори ёнида ташлаб кетган.
Франциянинг Лувр музейида содир этилган ўғрилик оқибатида етказилган зарарнинг дастлабки баҳоси 88 миллион еврони ташкил этгани очиқланди. Париж прокурори Лора Бекко бу миқдорни “ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли” деб атаган, аммо бу фақат иқтисодий зарар экани, тарихий зарар билан қиёслаб бўлмаслигини таъкидлаган.
Прокурорнинг сўзларига кўра, ўғрилар ўғирланган заргарлик буюмларини шунчаки эритиб, 88 миллион евро даромад ололмайди. У бу фикрни “маънoсиз” деб баҳолаган ва бу жиноят музей қадриятларини йўқ қилмаслигига умид билдирган.
Франция Маданият вазири Рашида Дати маълум қилишича, ғараз ниятли шахслар заргарлик буюмларини атиги тўрт дақиқада олиб чиқишга улгурган. Ички ишлар вазири Лоран Нунъес эса талончилик етти дақиқа давом этганини айтган. Франциянинг маданий қадриятлар ноқонуний савдосига қарши кураш бўлимининг собиқ ходими Коринн Шартрелга кўра, ўғирланган буюмлар Антверпен каби халқаро олмос савдо марказларига етказилиши эҳтимоли юқори.
Art Recovery International асосчиси Кристофер Маринелло эса олмос ва олтин қисмларга ажратилиб, эритилиши мумкинлигини, бу уларнинг келиб чиқишини яширишини ва музейга қайтариш имконини деярли имконсиз қилишини таъкидлаган. Барча шов-шувли ўғирлик билан овора бўлиб турган пайтда, Францияда 1 йилдан буён тергов қилинаётган Telegram асосчиси Павел Дуров Луврдаги ўғриликни мамлакатнинг таназзули билан боғлаб, ўғирланган буюмларни сотиб олиб, Абу-Дабидаги музейга қўймоқчи эканини айтди.
Луврдаги ўғрилик совиб улгурмасдан, аниқроғи ундан бир неча соат ўтиб, Лангр шаҳрида жойлашган “Дени Дидро маърифат уйи” музейидан ҳам ноёб экспонатлар ўғирлангани маълум бўлди. “France Info” радиоси маълумотларига кўра, ҳодиса 20 октябрга ўтар кечаси содир бўлган. Музей ходимлари 20 октябрь куни эрталаб экспонатлар йўқолганини ва бузиб кириш изларини аниқлаган. Ҳодиса жойига полиция етиб келган. Талончилар XVIII–XIX асрларга тегишли бир неча олтин ва кумуш тангалар ўғирлаб кетишгани маълум бўлган. Маълум бўлишича, қолган экспонатларга тегилмаган. Шундан сўнг, музей Лувр каби вақтинча ёпилган.
Полиция тахминига кўра, талончилар ҳодисани олдиндан режалаштирган ва Луврдаги шов-шувдан фойдаланишган. Лангр шаҳар ҳокимияти музей хавфсизлик тизими тўлиқ янгилангунига қадар бинога қўшимча кузатув жорий этиш учун хусусий қўриқчиларни жалб қилган.
Live
Барчаси