Ғазо тинч! Аммо қачонгача?
Таҳлил
−
14 Октябрь 2863
Дунё лидерлари Исроилнинг Ғазодаги геноцидини расман тўхтатувчи келишувни имзолади. Номи фақат кўнгилочар сайёҳатлар билан боғланган Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳри бу сафар аср фожиасига нуқта қўйган тарихий воқеликка мезбонлик қилди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Миср раҳбари Абдулфаттоҳ ас-Сисий, Қатар амири Тамим бин Ҳамад ва АҚШ Президенти Дональд Трамп биргаликда Ғазодаги қирғинларга узил-кесил якун ясаган ҳужжатга имзо чекди. Аммо бу якунни ҳали ҳам “ҳозирча” деган қўшимча билан атaшга мажбурмиз. Чунки бир томонда Исроил борлиги исталган пайтда бутун дунё биргаликда ҳаракат қилган ва энг юқори даражада имзолаган ҳамда тасдиқланган келишувларнинг бекор бўлиши эҳтимоли борлигини айтади. Чунки йиллар давомида яҳудий давлати томонидан бузилмаган халқаро ҳуқуқ мезонлари деярли қолмади. Ноқонуний аннексиядан тортиб – қатлиомлар, инсониятга қарши бошқа жиноятлар, шунингдек, кўплаб резолюцияларни ҳамда турли сулҳ-у оташекесимлар шулар жумласидандир. Лекин ҳеч бўлмаганда бугунги вазиятга кўра, Ғазода тинчлик ўрнатилди. Геноцид тўхтaди!
Трампнинг Исроилга ташрифи
Куёви Жаред Кушнер ва махсус вакили Стив Уиткоффларнинг Исроилга ташрифидан кўп ўтмай, Дональд Трамп ҳам 13 октябрь куни Бен Гурион аэропортига қўнди. Уни бутун умр “Ғазо қассоби” деган ном билан яшашга маҳкум ва эндиликда Эрдўған каби лидерлар томонидан бир хонaда нафас олишга жирканиладиган Биньямин Нетаньяху аёли Сара билан кутиб олди. Трампнинг куёви Жаред Кушнер ҳамда қизи Иванка Трамп аллақачон шу ерда эди. Асосан, Исроил парламенти Кнессетда нутқ сўзлаш учун борган Трамп мажлис биносига йўл оларкан, журналистларга уруш расман тугаб бўлганини маълум қилди. Унинг Кнессетдаги чиқиши эса воқеликларга бой бўлди. Унинг парламентга ташрифи чоғида йиғилганларнинг аксариятига “Трамп тинчлик Президенти” сўзлари ёзилган қизил кепкалар тарқатилди. Дунё эътиборини биринчи бўлиб Трампга қарши шовқин кўтарган депутатлар тортди. Аммо улар зудлик билан залдан чиқариб юборилди.
Трамп нутқидаги энг муҳим қисм бу – унинг Исроил Президентидан Бош вазир Нетаньяхуни авф қилишни сўрагани бўлди. Кўпчиликка маълум, Нетаньяхуга бир неча йиллардан буён учта иш бўйича айблов қўйиб келинмоқда. Булар пораxoрлик, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилиш каби ишлардир. Хусусан, у бой тадбиркорлардан қимматбаҳо совғалар – сигара ва шампанлар олганликда, шунингдек, ОАВга ижобий ёритув эвазига таъсир ўтказишга уринганликда айбланади. Дональд Трамп эса Исроил Президенти Исхаr Герцогга коррупция иши бўйича суд қилинаётган Бош вазир Биньямин Нетаньяхуни афв этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди. Кнессет аъзолари эса бу чақириқни турлича қабул қилди. Залда қарсаклар ва кулгу бирдек янгради. Чунки Трамп Нетаньяху айбланаётган шампан ва сигаралар ҳақида Герцогга ҳазил қилди.
“Жаноб Президент, нега уни афв этмаслигингиз керак? Ёқса-ёқмаса, у уруш даврининг энг яхши раҳбарларидан бирига айланди. Сигаралар-у шампанларга келсак, бу билан кимнинг иши бор ўзи?” деган АҚШ Президенти Герцогга мурожаат қилиб.
ҲАМАС тирик асирларни қайтарди
Трамп Исроилда юрган пайтда ҲАМАС асирликка олинган ва 2 йиллик тутқин давомида тирик қолган барча исроилликларни қайтарди. Дастлаб етти, сўнгра 13 нафар асир Исроилга топширилди. Улар аввал Халқаро Қизил Хоч қўмитасига топширилди, кейинчалик ҳарбий база орқали тиббий текширувдан ўтказилди. Тармоқларда яқинлари орасига қайтган исроилликларнинг тасвирлари вирусдек тарқалди. Исроилнинг давлат телерадиокомпанияси ҳисобланувчи “Kan”нинг хабарича, озод этилган гаровдагиларнинг аҳволи қониқарли, улар мустақил ҳаракатлана олади. Шундан сўнг, ўз ўрнида Исроил томони ҳам 1700 нафар фаластинликни озод қилди. Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 250 дан ортиқ фаластинлик маҳбуснинг 100 нафари Ғарбий соҳилга қайтарилди, 150 дан ортиғи эса Мисрга депортация қилинди. Фаластинликлар ҳам ўз яқинларини жуда катта қувонч билан қарши олди.
Эндиги навбат эса ҲАМАСнинг ҳалок бўлган исроилликларнинг жасадлари топширишига етиб келди. Уларда айни дамда 24 жасад қолгани айтилади. Лекин жасадлар аллақачон қабрларда ва уларнинг барчасини тез фурсатларда топишнинг имкони йўқлиги сабабли ҳаракат расмийлари бу жараён чўзилишини маълум қилди. Исроилнинг ақлдан озган Мудофаа вазири Исроил Кац эса бундан норози. Яҳудий давлати, шунингдек, жасадларни ўзлари шахсан экспертизадан ўтказиб аниқлаб олишини эълон қилди. Аммо Исроилнинг ўзи асирлар, маҳбуслар ва жасадларни алмашиш борасида биринчи бўлиб вазиятни мураккаблаштирди. Тель-Авив олдинроқ ҲАМАСнинг марҳум етакчиси Яҳё Синварнинг жасади ҳамда ФАТҲнинг собиқ аъзоларини қайтармаслигини маълум қилгандu.
Мисрга йиғилган “катталар”
13 октябрь куни Шарм ал-Шайхда Трамп ва Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисийнинг қўшма раислигида Ғазодаги тинчликни ҳал қилувчи саммит бўлиб ўтди. “Тинчлик 2025” деб номланган ушбу саммитга ташриф буюрганлар таркиби анча юлдузли ва қудратли кўринишда эди. Асосий қатнашчилар Трамп, Эрдўған, ас-Сисий ва Тамим бин Ҳамаддан ташқари, Эммануэль Макрон, Жоржия Мелони, Маҳмуд Аббос, Кир Стармер, Фридрих Мерц, Ғазо учун энг кўп ҳаракат қилаётган Ғарб етакчиларидан бири Испания Бош вазири Педро Санчес, Канада Бош вазири Марк Карни, шунингдек, Илҳом Алиев, Никол Пашинян ва Шаҳбоз Шариф ҳамда бошқалар ҳам Мисрга тўпланди.
Шу тариқа, 13 октябрь кунги ушбу йирик сиёсий учрашув 9 октябрда Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида АҚШ, Туркия, Миср ва Қатар воситачилигида ўтган биринчи раунд музокараларининг мантиқий давоми бўлди.
Қайд этиш жоиз, шов-шувли “Тинчлик 2025” саммити Ғазода тинчлик ўрнатилишига буткул якун ясамади. Чунки АҚШ, Миср, Қатар ва Туркия раҳбарлари шу куни Шарм ал-Шайхда умумий сўзлардан иборат Декларацияни қабул қилди, холос. Хориж ОАВ шунга эътибор қаратган ҳолда, ҳеч қандай режа ёки бирон-бир бандлардан иборат бўлмаган бу декларатив мазмундаги ҳужжатнинг келгуси воқеликларга таъсир ўтказишига шубҳа қилмоқда. Мисрдаги саммитда фақатгина шу декларацияга имзо чеккан 4 давлат: Трамп режаси бўйича ҳудудда тинчлик ўрнатиш ишларига бош-қош бўлиш, томонларни келишув шартларига амал қилишга ундаш ва бошқа умумий ҳаракатларни ўз зиммасига олди, холос.
Трамп ўзининг ходимлари ва маслаҳатчиларига, “энг қийн” деб ўйлаган келишувни амалга оширганликлари учун миннатдорлигини билдирди.
“Мен бу, эҳтимол, энг қийини бўлади, деб ўйлагандим. Ва айрим жиҳатлардан у шундай бўлди ҳам. Лекин бизда жуда катта салоҳият, истеъдод бор эди. Бизда ҳайратланарли даражада иқтидорли жамоа бор эди, хусусан, бу стол атрофида ўтирган мамлакатлар бизга ёрдам берди”, деди Президент Трамп.
Ҳужжатни имзолаш маросимида залда бўлган фотограф олган сурат айрим саволларга жавоб беради. Трамп кўтариб кўрсатган ҳужжатнинг юқори қисмида “барча инсонлар учун бағрикенглик, қадр-қиммат ва тенг имконият” каби мақсад ва мажбуриятлар ёзилган. Охирги саҳифанинг биринчи бандида шундай дейилади:
“Биз барча инсонлар учун бағрикенглик, қадр-қиммат ва тенг имкониятни истаймиз, шу орқали бу минтақани ирқи, дини ёки миллатига қарамасдан, ҳар ким ўз орзуларини тинчлик, хавфсизлик ва иқтисодий фаровонлик шароитида амалга ошира оладиган масканга айлантиришга интиламиз”.
Муаммолар ҳали ҳам етарли
Катта-катта йиғилишлар фонида Ғазо бўйича келишув атрофида зиддиятли масалалар ҳамда муаммолар етарлича. Улар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Трамп музокаралар илдамлаётгани, босқичлардан босқичларга сакраётгани ҳақида айтганига қарамай, томонлар умуман қабул қилишни истамайдиган бандларга навбат енди келмоқда. Музокараларнинг энг умидсиз жойи ҳам шу аслида. Яъни ҲАМАС қачон қуролларни ташлайди, Исроил армияси Ғазони қачон тўлиқ тарк этади, Халқаро Тинчлик Кенгаши Ғазодаги бошқарувда беғараз ҳаракат қилади-ми, Исроил сектор ва Ғарбий соҳилнинг интеграциясига, якунда эса нихоят озод Фаластин давлатининг тузилишига тўсқинлик қилмайди-ми, деган саволлар ҳануз жавобини топгани йўқ. Буни 13 октябрда Мисрга келган “катта бошлар” ҳам изоҳлай олмади.
Ҳозирча эса юқоридаги саволларга тахминий жавоблар мавжуд. Масалан, ҲАМАС Исроил қачон сектордан тўлиқ чиқиб кетса ва ҳудуд бошқаруви маҳаллий бошқарувга ўтсагина қуролсизланишга рози. Шунингдек, Исроил сулҳдан кейинги даврларда Ғазонинг Ғарбий соҳилга қўшилишига қарши. Бу билан улар бутун бошли Фаластин давлати қурилишига қарши эканига ишора қилмоқда. Чунки Яҳудий давлати ҳукумати сиёсий тафаккури Ғазо ва Ғарбий соҳилни ўз ичида бирлаштирган, пойтахти эса Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатининг тузилишига тоқат қилмаслиги ҳеч кимга сир эмас.
Эрдўған Нетаньяхудан жирканди, Мелонига эса “яхши маслаҳат” берди
Асосан умумий гаплар билан тугаган маҳобатли саммитда кичик эпизодлар ва у бошланишидан олдин ташрифлар юзасидан қизиқ воқеликлар рўй берди. Масалан, Нетаньяху 12 октябрь куни берган баёнотида Мисрдаги саммитга Исроилдан вакиллар бормаслигини эълон қилган эди. Аммо кейинчалик Нетаньяху ҳам Мисрга учиши ҳақида хабар қилинди. Буни ҳатто Мисрдаги манбалар ҳам тасдиқлади. Аммо сўнгги дақиқаларда ОАВда яна бошқача хабарлар пайдо бўлди. Уларга кўра, Туркия Президенти Ражаб Тоййб Эрдўған ҳавога кўтарилганда ушбу янгиликдан хабардор бўлган ва Нетаньяху Шарм ал-Шайх саммитида қатнашса, Мисрга қўнишдан бош тортган. Айрим маълумотларга кўра, Эрдўғаннинг самолёти Нетаньяхунинг саммитда иштирок этмаслиги расман тасдиқлангандан сўнгина белгиланган жойга қўнган. Шу тариқа, Туркия етакчиси олдин кўп бор таъкидлаган гапида қатъий турди. У бир неча бор Нетаньяху қатнашадиган ҳеч қандай саммитда иштирок этмаслигини айтиб келган. Чунки Эрдўған “Ғазо қассоби” билан бир хонaда, бир том остида нафас олишдан жирканади.
Ташриф билан боғлиқ ушбу воқеадан ташқари яна баъзи бошқа жараёнлар ҳам кузатилди. Масалан, Эрон делегацияси Мисрда кўриниш бермади, шунингдек, Саудия Арабистони ва БАА раҳбарлари ҳам Шарм ал-Шайхга бормади. “Reuters” нашри берган маълумотларга кўра эса, Миср Эронни саммитда иштирок этишга таклиф этган, бироқ 13 октябр куни мамлакат раҳбари Масъуд Пезешкиён ва Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ушбу таклифга рад жавобини берган. Шунингдек, саммитда ўнлаб раҳбарлар бир-бири билан учрашди. Трамп Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан жуда узоқ суҳбат қургани айтилди. Исроил билан жуда яқин бўлган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам Аббос билан анча илиқ гаплашди. Эрдўған эса шундай қисқа эпизодларда яна барчaнинг эътиборини ўзига тортди. У Италия Бош вазири Мелонига сигарета чекишни ташлашни тавсия қилди. Улар билан бирга турган Макрон эса Мелони учун бу имконсиз эканини айтиб ҳазил қилди.
Ҳа, Шарм ал-Шайх саммити бўйича айтиладиган гаплар ҳозирча шулардан иборат. Аммо бу йирик йиғин ҳозирча битта муҳим натижа билан тугади, дейиш мумкин. Яъни ундаги декларацияни имзолаган 4 давлат: АҚШ, Туркия, Миср ва Қатар Ғазода тинчликни абадий ўрнатиш учун барча масъулиятни ўз бўйнига олди. Улар ҲАМАС ва Исроилсиз, яъни урушaётган томонларсиз ўтган саммитда уларни 21 бандлик режага амал қилишга мажбурлашни ўз зиммасига олди. Боз устига Франция Президенти Эммануэль Макрон ўз мамлакати Ғазонинг кейинги бошқарувида муҳим роль ўйнашини таъкидлади. Ғазо бўйича тинчлик музокаралари ва уларда барча бандларни муҳокама қилиб, босқичма-босқич келишиб бориш эса давом этади.