ТИВ ходими Фарғона ҳокимига ўринбосар бўлди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий дипломатия ва маданий ҳамкорлик департаменти директорининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Мамажонов Нуриддин Ёқубжонович Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Кеча, 28 ноябрь куни вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокимининг тегишли қарори ўқиб эшиттирилиб, Нуриддин Мамажонов вилоят ҳокимининг ўринбосари сифатида таништирилган.

Маълумот учун, Нуриддин Мамажонов 1982 йил 27 июлда Қувасой шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини ҳамда Марказий Богема университетини (Прага) тамомлаган. Европа амалий фанлар ва менежмент институтида (Прага) Бизнес бошқарув доктори (DBA) илмий даражасини олган.

Меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида, Адлия вазирлигида турли масъул лавозимларда ишлаган. Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонасида, Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонасида фаолият олиб борган. 2022-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи бўлган.

Нуриддин Мамажонов тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий дипломатия ва маданий ҳамкорлик департаменти директорининг биринчи ўринбосари – Халқаро иқтисодий ташкилотлар ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

2021 йил май ойидан 2023 йил ноябрга қадар Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи бўлиб фаолият олиб борган Иқболжон Эргашев Президент қарорига асосан Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимига тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона Нуриддин Мамажонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг