ТИВ қуролли можаролар ҳудудидан қайтарилган ўзбекистонликлар бўйича маълумот берди

Жамият

c75b7ed2-87e5-7286-8ae8-9544199e6c0c

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан 156 нафар Ўзбекистон фуқаролари, асосан аёллар ва болалар махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келингани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги берган баёнотда қайд этилишича, улар алдов йўллари билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудига бориб қолган.

Ушбу гуманитар амалиёт инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатларга тўлиқ риоя этган ҳолда,  шунингдек,  халқаро гуманитар ҳуқуқнинг меъёр ва тамойилларидан келиб чиқиб амалга оширилди. 

Хорижий жангари-террористларлар билан алоқадор ҳамда терроризм қурбонлари бўлиши мумкин бўлган аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш муҳимлиги БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2396-резолюцияси билан тасдиқланган. 

“Оғир ҳаётий даврни бошдан ўтказиб,  Ватанга қайтган ҳамюртларимизга Ўзбекистон Ҳукумати реабилитация ва жамиятга қайта мослашишлари учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.  Уларнинг тиббий ёрдам ва психосоциал кўмакдан фойдаланишлари,  таълим ва бошқа ижтимоий дастурларда иштирок этишлари таъминланади.  Қутқарилган ватандошларимизнинг тинч ҳаётга қайтишлари учун,  хусусан уларни тегишли бошпана ва иш ўрни билан таъминлаш борасида зарур шароитлар яратилади”, дейилади ТИВ хабарида.

Барча мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида фуқароларни қутқариш бўйича муваффақиятли амалга оширилган гуманитар миссия Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, махсус хизматлар ва бошқа идораларнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари самарасидир. 

Қатор хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар,  жумладан Халқаро Қизил хоч қўмитаси ва ЮНИСЕФ томонидан муҳим кўмак кўрсатилган. Ўзбекистон томони мазкур тадбирда иштирок этган барча ҳамкорларига фуқароларнинг Ватанга эсон-омон қайтаришда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик изҳор этди. 

“Турли сабабларга кўра бегона юртларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларимизга уларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида эканликларини,  давлат уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни қўллашини маълум қилишни муҳим деб ҳисоблаймиз”, деб якунланади ТИВ баёноти.


Мақола муаллифи

Теглар

террорчилик Яқин Шарқ ўзбекистонликлар

Баҳолаганлар

37

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг