“Титаник” саундтрекини куйлаган Селин Дион оғир хасталикка йўлиқди
Маданият-санъат
−
09 Декабрь 2022
21182“Титаник” фильми учун куйланган “My Heart Will Go On” номли қўшиғи билан танилган канадалик хонанда Селин Дион кеча, 8 декабрь куни ўзининг Instagram саҳифаси орқали кузатувчиларига инглиз ва француз тилларида видеомурожаат йўллаб, оғир ва камёб хасталикка чалинганини маълум қилди.
“Мен узоқ вақт давомида соғлиғимдаги муаммолар билан курашдим. Яқинда менга ташхис қўйишди ва бу камёб, асаб касаллиги экани маълум бўлди. Бу “Қаттиқ мушаклар синдроми” бўлиб, мендаги барча жисмоний ноқулайликларнинг сабабчиси мана шу хасталик экан. Афсуски, бу ноқулайликлар менинг кундалик ҳаётимдаги ҳар бир жабҳага таъсир қилади. Баъзида юриш қийинлашади ва аввалгидек қўшиқ айтиш учун овоз пайчаларимдан фойдаланишга тўсқинлик қиляпти”, дейди у.
Ушбу касаллик сабаб Селин Дион Европада 2023 йилнинг баҳор ва ёз ойларида режалаштирилган “Courage” номли концерт дастурларини бекор қилган.
“Мен барча мухлисларимни ва саҳнани жуда соғиндим. Мен ҳамиша саҳнага чиққанимда 100% кучимни сарфлаганман. Аммо эндиликда мен бор диққатимни қайта тикланишга қаратишим керак. Афсуски, мен февраль ойидан эътиборан Европа бўйлаб режалаштирилган концертларимни давом эттиролмайман”, деб таъкидлайди хонанда.
Хонандага кўра, у саҳнага қайтиш орзусида фарзандлари ва шифокорлар ёрдамида муолажаларни давом эттирмоқда.
“Мен билан ажойиб шифокорлар жамоаси ишламоқда ва улар касалликни енгишимда ёрдам беряпти. Шунингдек, қадрли фарзандларим мени қўллаб-қувватламоқда. Мен ҳар куни ўз терапевтим билан биргаликда спорт билан шуғулланяпман. Бу ҳақиқий кураш. Мен сизларнинг илиқ тилакларингиз, муҳаббатингиз ва қўллаб-қувватлаётганингиз учун миннатдорлик билдираман. Бу мен учун жуда аҳамиятли. Мен тез орада яна ўз мухлисларим билан кўришаман деган умиддаман”, дейди Дион.
Маълумот ўрнида, Селин Мари Клодетт Дион 1968 йилнинг 30 март куни Канаданинг Квебек шаҳридаги француз оиласида дунёга келган.
Уни 12 ёшида акаси овоз ёзиш студиясига олиб боради. Селин 13 ёшида куйлаган француз тилидаги қўшиқ кейинчалик у яшаган шаҳарда оммалашиб кетади. 14 ёшида эса Японияда ўтказилган мусиқий фестивалда иштирок этган хонанда “Энг яхши ижрочи” мукофотини қўлга киритади.
20 ёшида “Евронигоҳ” танловида Швейцария номидан қатнашган Селин Дион олтин медални қўлга киритган. 1990 йилдан эътиборан инглиз тилида қўшиқлар куйлашни бошлаган Селин Дионга Америкада юлдузлик сари эшиклар очилади.
Хонанда 1994 йилда ўзидан 26 ёш катта мусиқий студия менежери Рене Анжелилга турмушга чиқади. Жуфтликнинг уч нафар фарзанди бўлиб, унинг турмуш ўртоғи 2016 йилда ўсимта касаллиги сабаб вафот этган.
Қаттиқ мушаклар синдроми
Ушбу синдром 1956 йилда аниқланган бўлиб, унинг келиб чиқиш сабаблари тўлалигича очилмаган. Ушбу хасталикка учраган беморларда мушаклар таранглашувининг меъёридан ортиқ равишда кучайиши, жисмоний ҳаракатларнинг оғриқли даражага чиқишига олиб келади.
LiveБарчаси