Тинчлик йўналишида Нобель мукофоти Абий Аҳмад Алига берилади

Олам 865
image

Эфиопия Бош вазири Абий Аҳмад Али Эритрея билан чегарадаги можарони тинчитишда кўрсатган жонбозлиги учун Нобель мукофотини қўлга киритади. 

Норвегия пойтахти Ослода Нобель мукофотининг тинчлик йўналиши бўйича бу йилги ғолиби аниқланди. Эфиопия Бош вазири Абий Аҳмад Али 2019 йилги тинчлик йўналиши бўйича Нобель мукофотини олади. 

Маълумот учун, 1976 йилда туғилган Абий Аҳмад Али 2018 йилнинг апрелидан буён Эфиопия Бош вазири ҳисобланади. У мамлакат тарихидаги илк мусулмон Бош вазир ҳамда Нобель мукофотига сазовор бўлган илк эфиопиялик бўлди.

Абий Аҳмад Али сўнгги 20 йил ичида Эритрея раҳбари билан учрашган илк Эфиопия Бош вазири бўлганди. 2018 йилнинг 8-9 июль кунларида У ва Эритрея Президенти Исайяс Афеверки иштирокида саммит бўлиб ўтган.

Ушбу саммитда тинчлик ва дўстлик тўғрисидаги декларация имзоланган. Унга кўра кескинликни юмшатиш ва мамлакатлар ўртасидаги дипломатик муносабатларни тиклаш, қуруқликдаги ва ҳаводаги қатновларни очиш кабилар назарда тутилган.

Мукофотлар орасида айнан тинчлик йўналишидаги соврин ғолиби Стокгольмда эмас, Ослода эълон қилинади. Бу йўналишдаги мукофот соҳибига топшириладиган медаль ҳам бошқа йўналишлардаги лауреатларникидан фарқ қилади.

Акбаржон Абдураимов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 21
Рейтинг: 2.7
Будьте в курсе событий!
×
×